Мамлакатимиз кончилик саноатида илк бор чуқурлиги 1000 метрлик вертикал шахта қазилиб, фойдаланишга топширилди. Скип (юк кўтаргич) ускунаси билан жиҳозланган бу ноёб муҳандислик иншоотини “Навоий кон металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг Жанубий кон бошқармасига қарашли “Зармитан” кони меҳнат жамоаси чехиялик ҳамкасблари билан биргаликда барпо этди.
Самарқанд вилояти Қўшработ туманида жойлашган Жанубий кон бошқармаси тасарруфидаги конларда амалга оширилган “Зармитан конининг қуйи қатламларини ўзлаштириш” инвестиция лойиҳаси доирасидаги мазкур амалиётнинг йиллик иқтисодий самарадорлиги 19,2 млрд сўм, деб баҳоланмоқда.
Замонавий кончилик талабларига мос равишда бунёд этилган янги вертикал шахтада ўрнатилган барча қурилмалар ҳар жиҳатдан хавфсиз ва тежамкорлиги билан ажралиб туради. Масалан, илгари 60 тонна тоғ жинсини автоағдаргичда ер юзасига олиб чиқиш учун камида уч соат вақт сарфланган ва шу билан бир қаторда махсус ерости техникасидан фойдаланиш, ёнилғи -мойлаш материаллари ва бошқа харажатлар талаб этилган. Вертикал шахтадаги скип ускунаси эса 60 тонна тоғ жинсини 8-10 дақиқада ер юзасига олиб чиқади.Қурилма электр энергияси қуввати билан ҳаракатга келгани боис атроф муҳитга ҳам мутлақо зарар келтирмайди. Ҳисоб-китобларга кўра, шунинг ҳисобидан вақт ва ёқилги сарфи 60-70 фоизгача тежалиши мумкин.
Скипли янги вертикал шахтанинг яна бир афзаллиги– ундаги барча иш жараёнлари ахборот-коммуникация технологияси асосида тўлиқ рақамлаштирилганидир. Бунда иш фаолияти марказий операторлик пульти орқали бошқарилади ва доимий кузатилиб, юк ташиш аниқ ҳисоб-китоблар билан мониторинг қилинади. Шунингдек, ускунада огоҳлантирувчи сигналлар орқали нохуш ҳолатларнинг олдини олиш имкониятлари ҳам мавжуд.
Янги кончилик иншоотини фойдаланишга топширишга бағишланган тадбирда илғор ишчиларга “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди.
Норбобо Шакаров, ЎзА