Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги тарихида илк бор иштирокчи мамлакатлар ҳудудлари форуми ташкил этилди.
Нуфузли делегациялар ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев давлатлар иқтисодиётини ривожлантириш учун ҳудудлараро ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш, ишончга асосланган барқарор бизнес алоқаларини йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади.
Сўнгги 5 йил ичида мамлакатимизнинг МДҲ давлатлари билан савдо айланмаси қарийб 2 баробар ўсиб, 2024 йил якунида 23 миллиард доллардан ошди. Ҳудудларимизда хориж капитали иштирокида 5 ярим мингдан зиёд компания самарали фаолият юритмоқда. Аъзо давлатлар вилоят, шаҳар ва туманларида йирик қўшма инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилаётгани эътиборга молик.
Ҳудудлараро савдони рағбатлантириш мақсадида 130 дан зиёд махсус иқтисодий зона фаолият юритяпти, чегарадош савдо ҳудудлари ташкил этилмоқда. Бу жараёнда аъзо давлатлар томонидан ҳудудлараро аҳамиятга эга 6 000 га яқин икки томонлама ҳужжат имзоланган.
Тадбир чоғида республикамизнинг чуқур иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш, инвестиция ва бизнес учун қулай муҳит яратиш, саноат тармоғида юқори қўшимча қиймат яратиш ҳамда ташқи иқтисодий алоқани кенгайтиришга қатъий содиқлиги таъкидланди.
МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев жаҳон савдо тизимидаги глобал вазиятни ҳисобга олган ҳолда, умумий маконда ўзаро муносабатни рағбатлантириш бўйича қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Шунингдек, Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартнома имкониятидан тўлиқ фойдаланиш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, савдо жараёни ва юк ташишни рақамлаштириш, кооперация ҳамда импорт ўрнини босишга хизмат қиладиган лойиҳаларга ҳудудларни фаол жалб этиш масалаларини кўтарди.
Анжуман доирасида ташкил этилган B2B форматидаги музокара ва учрашувларда икки ва кўп томонлама шериклик кўламини кенгайтириш бўйича аниқ, истиқболли йўналишлар белгилаб олинди.
Форум якунида ўндан зиёд ҳужжат – МДҲ доирасида дўстона муносабатни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ҳамда аъзо мамлакатлар ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга йўналтирилган “Йўл хариталари” имзоланди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/vIiiYwEYM4g" title="“Yo`l xaritalari” imzolandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз Худойбердиев, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА