Қонунчилик палатасининг мажлисида тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Мазкур ҳужжат бўйича Марказий банк раиси ўринбосари Содир Мелибоев батафсил маълумот берди:
— Бугунги кунда онлайн тўловлар кўлами ошиб бормоқда, — деди Марказий банк раиси ўринбосари. — Шу билан бирга, банк карталаридан фойдаланган ҳолда фирибгарлик ва ўғирлик ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Бу каби муаммоларнинг олдини олиш учун соҳада замонавий тизим технологияларини жорий этиш талаб этилмоқда. Шу мақсадда ушбу қонун лойиҳаси билан тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолияти соҳаларида, шунингдек, давлат ташкилотларини хусусийлаштиришда акциядорлик жамиятларини ташкил этишнинг ва улар ҳуқуқий ҳолатининг ўзига хос хусусиятлари, тўлов терминали, виртуал тўлов терминали, антифрод тизими ва уларнинг мазмун-моҳияти ҳақидаги тушунчалар қонунчиликда белгиланмоқда.

Шу билан бирга, лицензиялаш жараёнларини янада қисқартириш ва банкларнинг тўлов хизматлари бозорида фаолиятини янада рағбатлантириш мақсадида банкларнинг тўлов тизими оператори сифатида фаолиятини бошлаш учун хабардор этиш тартиби жорий қилинмоқда. Лойиҳа билан муҳим тўлов ташкилотлари тушунчаси киритилмоқда. Ушбу тоифадаги ташкилотлар томонидан узлуксиз хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида уларнинг тўлов тизими иштирокчиси бўлиши учун ҳуқуқий асос яратилмоқда. Хусусан, тўлов тизимларининг операторлари молиявий инфратузилмада муҳим аҳамиятга эга эканини ҳисобга олиб тўлов операцияларнинг самарадорлиги ва ишончлилигини янада таъминлаш мақсадида уларнинг асосий функциялари белгиланмоқда.
Тўлов тизимлари турлари 9 тадан 13 тага кўпайтирилди. Банк хизматлари тўлов ташкилотларида 5 та, тўлов агентликларида 6 та хизмат кўрсатиши мумкинлиги белгиланмоқда. Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан фуқароларга онлайн хизматлар кўрсатишда техник ҳимоя усулларини такомиллаштириш, антифрод тизимларини жорий этиш, кетма-кет уч ёки ундан ортиқ ўтказмалар назоратини автоматлаштириш, банк карталаридан фойдаланишни ҳамда жисмоний шахслар ўртасида катта миқдордаги пул ўтказмаларини қўшимча биометрик ва бошқа ҳимоя чораларини қўллаган ҳолда назорат қилиш механизмларини жорий этиш назарда тутилмоқда. Тўловларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан Марказий банкка тегишли ваколатлар берилмоқда, — деди Содир Мелибоев.
Мажлисда ушбу уонун лойиҳаси молиявий фирибгарликларни камайтириш ва тўлов хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга хизмат қилиши таъкидланиб, биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА