Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) томонидан белгиланган махсус комиссия фахрийларни қўллаб-қувватлаш дастурига мувофиқ келиб тушган аризалар асосида 2025 йилнинг биринчи чорагида қўллаб-қувватланадиган 11 нафар шахмат фахрийлари рўйхатини эълон қилди.
Эътиборли жиҳати, шахматнинг халқаро ривожига, унинг оммавийлигини таъминлашга ҳисса қўшиб келаётган дунёнинг энг фидойи шахмат фахрийлари орасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози Лариса Пинчук номи ҳам қайд этилди.

1941 йили Тошкентда таваллуд топган Л.Пинчук 1982 йилга қадар шахсий ва жамоавий мусобақаларда саккиз марта Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган. “Ақл гимнастикаси” фидойиси Л.Пинчук 1972-1996 йиллари Республика болалар-ўсмирлар спорт мактабида устоз-мураббий сифатида фаолият кўрсатган. Унинг мураббийлигида А.Неначев, А.Логинов, И.Шамис, Д.Қурбонов, С.Пинчук, Г.Серпер сингари маҳоратли шахматчилар етишиб чиққан.
Лариса Пинчук 2006 йилдан буён FIDEнинг халқаро тоифадаги ҳаками сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўн бир йилдан бери шахмат фахрийларини қўллаб-қувватлаш дастурини амалга ошириб келмоқда.
Айтиш лозим, ўтган давр мобайнида ушбу дастур асосида FIDE шахмат фахрийларини қўллаб-қувватлаш учун қарийб 500 минг евро ажратди. Бу йилнинг биринчи чорагида эътироф этилган фидойи фахрийларга умумий ҳисобда 21 минг 500 евро тақсимланиши белгиланди.
Т.Рўзиев, ЎзА