Мамлакатимизда иқлим ўзгаришининг олдини олиш, унинг салбий таъсирларини камайтириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Бироқ бугунги кунда иссиқхона газлари чиқарилишини тартибга солувчи қонун ва норматив база яратилмагани республикада иссиқхона газларининг чиқарилишини камайтиришда иқтисодий, технологик ва экологик йўналишлар бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини чекламоқда.
Бу эса, соҳани халқаро ҳужжатлар талаблари даражасига етказиш, унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Сенат ялпи мажлисида “Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида шу каби мулоҳазалар илгари сурилди.

– Сўнгги йилларда иқлим ўзгаришининг салбий юки табора ортиб бораётгани, Марказий Осиё минтақасида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам иқлим ўзгаришининг оқибатлари янада яққол намоён бўлаётгани кузатилмоқда, – деди Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев. –Босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, унинг салбий оқибатларини юмшатиш борасида яшил майдонларни кенгайтиришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, иқлим ўзгариши муаммолари озиқ-овқат ва энергия хавфсизлиги билан чамбарчас боғлиқ. Минтақа аҳолиси 25 йилдан сўнг қарийб 100 миллион кишидан ортиши кутилаётган бир вақтда унумли ерлар тез суръатлар билан қисқариб бораётгани, бунинг олдини олиш мақсадида ўрмон хўжалиги ва аграр соҳанинг мослашувчанлигини ошириш зарур. Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун илмий салоҳиятни бирлаштирган ҳолда яшил белбоғлар ташкил этиш, турли дарахт кўчатларини экиш зарур.
Мажлисда яқин беш йилда қайта тикланадиган манбалардан олинадиган энергия улушини 54 фоизга етказиш, бунинг натижасида атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини 16 миллион тоннага қисқартириш ҳамда Ўзбекистоннинг Париж битими доирасида буғ газлари чиқаришни 35 фоизга камайтириш бўйича олган мажбуриятини муддатидан олдин бажариш учун барча саъй-ҳаракатларимизни ишга солишимиз зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Бу борада мамлакатимизда углерод нейтраллигига эришиш бўйича кенг миқёсдаги ислоҳотларни қатъий олиб борган ҳолда, 2030 йилгача ҳавога исcиқхона газлари чиқарилишини 35 фоизга камайтириш, “яшил” энергетика улушини 40 фоизгача ошириш мақсад қилиб олинган.
Қонунда иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш натижасида ҳосил бўладиган углерод бирликлари муомаласини амалга оширишнинг тартибини белгилаш ҳамда иссиқхона газлари чиқарилишини тизимли назоратини таъминлашга эътибор қаратилган.

Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклашнинг асосий принциплари, унинг мониторинги, ҳисоботи ва верификация тизими асослари, тартиби, қисқартирилган иссиқхона газларига эгалик қилиш ҳуқуқлари белгиланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонуннинг қабул қилиниши Париж битимига асосан иссиқхона газлари чиқарилишини қисқартириш бўйича олинган мажбуриятлар Ўзбекистон томонидан бажарилишини таъминлашга замин яратади. Иқлим ўзгариши бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни жадаллаштириш, атроф-муҳит ва экологияни яхшилаш ҳамда иқтисодиётни барқарор ривожлантириш учун зарур шароит яратишга хизмат қилади. Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан иқлим ўзгариши ва иссиқхона газларини қисқартириш соҳасида икки томонлама ҳамкорлик лойиҳаларини самарали амалга ошириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА