Халқ оғзаки ижодиётининг энг қадимий турларидан бўлган бахшичилик санъати юксак гуманизм ғояларини, тинчлик ва дўстлик, адолат ва ҳақиқат каби эзгу фазилатларни маҳорат билан тараннум этади. Шу боис ҳам, бахши, оқин ва жировлар азалдан халқ қалбининг куйчилари, турли миллат ва элатларни бирлаштирадиган олижаноб инсонлар сифатида ардоқлаб келинади.
Мамлакатимизда бошқа санъат турлари каби бахшичилик санъатига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Буни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида ҳар икки йилда бир марта ўтказилаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали мисолида ҳам кўриш мумкин. Фестивалнинг қамрови йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.
Жорий йил 26-28 апрель кунлари Хоразмда бўлиб ўтган IV Халқаро бахшичилик санъати фестивалида дунёнинг 40 дан ортиқ давлатларидан 200 га яқин таниқли бахшилар иштирок этишди.
Фестивалнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг IV Халқаро бахшичилик фестивали иштирокчиларига табригини Президент маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов ўқиб эшиттирди.
Шу куни тадбир санъат усталари ва бахши, оқин, жировларнинг концерт дастури билан якунланди.
[gallery-23066]
IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида “Иккинчи Туркий дунё маданияти форуми” ҳамда “Янги Ўзбекистонда бахшичилик санъати: замонавий тадқиқотлар ва истиқболлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Анжуман якунида бахшичилик санъати истиқболи билан боғлиқ муҳим резолюция қабул қилинди.
– Ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг ноёб намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат ва эътибор туйғуларини кучайтириш, турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда янада кенгайтириш мақсадида 2019 йилдан буён Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказиб келинмоқда. Жорий йилда анжуманга қадимий Хива мезбонлик қиляпти. Фестивалда дунёнинг 40 дан ортиқ давлатларидан вакилларнинг иштирок этаётгани унинг нуфузи юксак эканлигидан далолат беради, – дейди Озарбайжон маданият вазири Адил Керимли.
– Тўртинчи халқаро бахшичилик санъати фестивали ва унинг доирасидаги мазкур нуфузли халқаро тадбирларни кўҳна ва бетакрор Хива шаҳрида ўтказаётганимиз бежиз эмас. Хива нафақат умумжаҳон меросига тааллуқли ноёб тарихий обидалари, балки қадимдан илм-фан, маданият, санъат, адабиёт ривожида катта ўрин тутган муҳим манзилларимиздан бири эканлиги билан ҳам қадрлидир, – дейди Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков. – Эътироф этиш ўринлики, кейинги йилларда қардош ўлкаларда ташкил этилаётган йирик анжуманлар, уларда илгари сурилаётган таклиф ва ташаббуслар маънавий бирлигимизни таъминлаш, муштарак қадриятларимизни асраб-авайлаш, халқларимиз ўртасидаги ришталарни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Фестивалнинг халқаро танловини Ўзбекистон, Венгрия, Озарбайжон, Қозоғистон, Россия, Кувайт, Мўғулистон давлатлари вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
Халқаро фестиваль ғолибларини мукофотлаш мақсадида пул мукофотлари белгиланган бўлиб, гран при соҳибига – 7000 доллар, 1-2-3-ўринларни қўлга киритганлар учун мос равишда ҳар бир йўналишда 2 та номинация (Достон ижрочилиги йўналиши, Чолғу ижрочилиги йўналиши) бўйича 5 000, 3500, 2500 доллардан ажратилди.
Фестиваль иштирокчилари қуйидаги натижаларни қайд этди:
3-ўринга – Икхагвасурен Лкхамрагча (Мўғулистон), Степанова Аксиния (Россия), Аҳмедов Зиёдилло (Ўзбекистон), 2-ўринга – Абдуллаев Усмонжон (Ўзбекистон), Турикпен Кенсулу (Қозоғистон), 1-ўринга – Жуматова Муяссар (Ўзбекистон), Туркманистон миллий бахшилар гуруҳи (Туркманистон), Гран При мукофотига Озарбайжоннинг “Ошиқлар” гуруҳи сазовор бўлди.
Бундан ташқари, номинациялар бўйича ҳам иштирокчилар тақдирланди. Мукофотларни Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов ва бошқа расмийлар топширди.
Хивада ўтказилган IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали ҳар қайси халқнинг азалий тарихи ва маданияти, энг аввало, унинг оғзаки ижоди фольклор санъатида, достон ва эпосларида мужассам топганлигини, улар миллатнинг ўзлигини англаш, унинг ўзига хос миллий қадриятлари ва анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантиришда бебаҳо манба эканлигини исботлади.
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА мухбири