Ўзбекистон ва Туркманистон қардош халқ, маданияти ва санъати муштарак миллат сифатида азалдан ўзаро ҳамкорликда, бирдамликда бўлиб келган. Бугунги кунда ҳам икки давлат ўртасида барча даражаларда самарали мулоқот олиб борилмоқда. Ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари, Ишбилармонлар кенгаши, Ҳудудлар форуми, маданият кунлари, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,1 миллиард долларни ташкил этди. Яқин йилларда товар айирбошлашни 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Бундан ташқари, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ўзаро манфаатли кооперация ривожланмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида дастлаб Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида ўтказилган музокаралар давомида эришилган келишувларнинг аҳамияти ҳақида фикр юритилди.
Таъкидланганидек, кўп қиррали ҳамкорлик барча йўналишларда, шу жумладан сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда жадал ривожланиб бормоқда. Ушбу ҳамкорлик ҳар икки томон учун ҳам, айниқса, тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратади. Шундай экан, фракция аъзолари ҳам учрашувларда эришилган келишувлар ижросини таъминлашда иштирок этиши лозимлиги қайд этилди.
Йиғилишда бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
М.Комилова, ЎзА