Барчамизга маълумки, кейинги пайтларда банк карталаридан фойдаланган ҳолда ўғирлик ва фирибгарлик ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Тижорат банклари, тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларида ана шундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг замонавий усулларига эҳтиёж туғилмоқда. Хусусан, антифрод, биометрик идентификация ва бошқа ҳимоя механизмларини ташкил этиш зарур.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида айни шу масаланинг ечимига қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Унга кўра, антифрод ва биометрик идентификация тизимларидан фойдаланиш мажбурияти жорий этилади. Марказий банк томонидан рухсат этилмаган тўловлар аниқланганда, банк карталари ва мобиль илова аккаунтларидан фойдаланишни уч кунгача чеклаш тўғрисида тўлов хизматлари кўрсатувчиларга кўрсатма юборилишига доир ваколат берилиши мумкин.

Шунингдек, тўлов хизматлари бозорини тартибга солиш мақсадида банклар, тўлов ташкилотлари ва уларнинг тўлов агентлари ва субагентларига рухсат этиладиган тўлов хизматлари турлари алоҳида белгиланмоқда. Банк пластик карталаридан тўловларни амалга оширишда назоратни кучайтириш таклиф этилмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг муҳимлигини эътироф этган ҳолда ўз фикр ва таклифларини билдирдилар. Шунингдек, йиғилиш кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилиб, фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА