Тошкентда “Стратегик шерикликни мустаҳкамлаш: тарихий алоқалардан кенг қамровли ҳамкорлик сари” мавзусида Марказий Осиё мамлакатлари таҳлил марказларининг биринчи форуми ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши (КАДҲК) ўз ишини бошлади.
Унда Саудия Арабистони, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон, Қувайт, Қирғизистон, Ўмон Султонлиги, Баҳрайн Подшоҳлиги, Тожикистон, Туркманистон каби мамлакатларнинг етакчи таҳлил марказлари раҳбарлари ва экспертлари иштирок этмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳром Аълоев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, Саудия Арабистонининг “Gulf Research Center” (GRC) тадқиқот маркази директори Абдулазиз Сагер, КАДҲК департаменти бошлиғи Вэждан Фаҳад иштирокчиларга мурожаат қилди.
Форум доирасида СМТИ ва GRC ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжатда ҳамкорликни ривожлантириш ва икки давлат таҳлил марказлари ўртасида ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, долзарб масалаларга бағишланган форумлар, семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш орқали мунтазам ишчи алоқаларни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари қаторида ташқи сиёсат ва хавфсизлик, минтақавий барқарор ривожланиш, ташқи иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантиришга хизмат қилувчи бошқа соҳалар киради.
Меморандум имзоланишини шарҳлар экан, GRC раҳбари, доктор Абдулазиз Сагер унинг имзоланиши таҳлилий марказлар ўртасидаги мулоқотни институтсионаллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлганини таъкидлади. “Ушбу келишув умумий муаммоларни чуқур таҳлил қилиш ва ҳудудларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги йўналишларни очади. Бизнинг ҳамкорликдаги ишимиз салмоқли натижалар беришига ишонаман,” – деди эксперт.
Ўз навбатида, СМТИ директори Элдор Арипов GRC билан ҳамкорлик эксперт ресурсларини бирлаштириш, Ўзбекистон ва Кўрфаз давлатлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга қаратилган амалий ечимларни ишлаб чиқиш учун шароит яратишини таъкидлади.
Маълумот учун: GRC 2000 йилда Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида ташкил этилган мустақил таҳлил маркази бўлиб, Ар-Риёд, Женева, Кембриж ва Брюсселда бўлимлари мавжуд. Кўрфаз минтақасининг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларини, шунингдек, халқаро муносабатлар ва атроф-муҳитни ўрганишга ихтисослашган. Марказ “Araa” журналини нашр этади, конференциялар (шу жумладан, йиллик Кембриж учрашуви) ва маслаҳат лойиҳаларини амалга оширади. Доктор Абдулазиз Сагер бошчилигидаги Марказ ТОП–150 та энг яхши глобал таҳлил марказлари қаторига киради, БМТда кузатувчи мақомига эга бўлиб, 95 дан ортиқ ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
ЎзА