Бугун пойтахтимизда “Стратегик шерикликни мустаҳкамлаш: тарихий алоқалардан кенг қамровли ҳамкорлик сари” мавзусида Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши таҳлил марказлари биринчи форуми ўз ишини бошлади.
Унда Марказий Осиё мамлакатлари ва КАДҲК давлатларидан 70 дан ортиқ нуфузли экспертлар, шунингдек, КАДҲК Котибияти, дипломатик корпус ва ишбилармон доира вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов ўз нутқида ўтказилаётган анжуманнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. "Тошкент форуми минтақалар ўртасидаги илмий-эксперт мулоқотини мустаҳкамлашда бурилиш нуқтаси бўлиб, ҳамкорликнинг умумий кун тартибини янги стратегик мазмун билан бойитишга қаратилган ғоялар алмашиш ва ташаббусларни ишлаб чиқиш учун самарали майдон яратади", – деди Э.Арипов.
Шундан сўнг у Марказий Осиё ва КАДҲК ўртасидаги тез суръатлар билан ривожланаётган муносабатларнинг ҳар томонлама таҳлилини тақдим этди.

Институт раҳбарининг таъкидлашича, минтақаларни нафақат умумий ўтмиш, балки келажак режалардаги ўхшашлик ҳам боғлаб туради. Асрлар давомида Марказий Осиёдан Арабистон яримороли соҳилларигача бўлган бозорлар, маданиятлар ва ғояларни боғлаган Буюк Ипак йўли иқтисодий ва сивилизатсиявий ўзаро боғлиқликнинг асоси бўлиб хизмат қилган. Бу жараёнда Бағдоддаги "Донишмандлик уйи" алоҳида ўрин тутган, унда Марказий Осиё ва араб дунёси олимлари ҳамкорликда жаҳон тарихи йўналишини ўзгартириб юборган илмий асарлар яратишган.
“Бугунги кунда ушбу тарихий алоқаларни қайта тиклаш орқали биз энергетика, логистика, илмий-техника ва инвестиция соҳаларида ҳамкорликнинг янги кўприкларини барпо этмоқдамиз”, – дея таъкидлади Э.Арипов
Унинг айтишича, бу йўлдаги энг муҳим қадам 2023 йил июлда Жиддада ўтказилган тарихдаги илк "Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" саммити бўлди. Мазкур тадбир минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди ва мунтазам сиёсий мулоқот учун институционал асос яратди. Унинг доирасида ташқи ишлар вазирлари учрашувлари, инвестиция форумлари ўтказилиши йўлга қўйилди, 2023–2027 йилларга мўлжалланган Қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинди.
СМТИ директори ушбу ҳамкорлик аллақачон амалий натижалар бераётганини таъкидлади. Хусусан, сўнгги уч йил ичида Ўзбекистоннинг КАДҲК мамлакатлари билан савдо айланмаси уч баробарга (257 миллион доллардан 812 миллион долларгача) ошди, қўшма корхоналар сони эса икки баробар кўпайиб, қарийб 400 тага етди.
Кўрфаз давлатларининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестицияларининг умумий ҳажми 3 миллиард доллардан ошди. БАА – 1,5 млрд; Уммон – 250 млн.; Қувайт – 220 млн.). Бундан ташқари, умумий қиймати 30 миллиард доллардан ортиқ бўлган 100 га яқин лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Туристик алмашинувларда ҳам ижобий силжишлар рўй бермоқда. 2024 йилга келиб, Кўрфаз давлатларидан республикага сайёҳлар оқими 12 минг кишидан ошди, бу 2021 йилга нисбатан икки баравар кўп дегани.
Шу билан бирга, у таъкидлаганидек, сўнгги йилларда эришилган улкан ютуқларга қарамай, ҳамкорлик кўлами ҳали-ҳануз минтақалар ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг мавжуд салоҳиятини тўлиқ намоён этмаяпти.
Ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига тўхталар экан, Э.Арипов яқин йилларда ҳамкорликни сифат жиҳатидан чуқурлаштиришга ҳисса қўшадиган бир қатор муҳим жиҳатларга батафсил тўхталиб ўтди.
Биринчидан, у минтақалар ўртасида жиддий зиддиятларнинг йўқлиги ва уларнинг глобал барқарорлик ҳамда изчил тараққиётга умумий интилишини таъкидлади. Икки минтақа давлатлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Қўшилмаслик ҳаракати каби нуфузли халқаро тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда.
Иккинчидан, инвестициявий пасайиш, протекционизмнинг кучайиши, савдо урушлари ва глобал логистика занжирларидаги беқарорлик каби янги глобал таҳдидларга биргаликда жавоб бериш муҳим, деб ҳисоблайди эксперт. "Фақат саъй-ҳаракатларни бирлаштириш орқали юқоридаги чақириқларга жавоб беришнинг самарали ва барқарор моделларини ишлаб чиқишимиз мумкин," – дея аниқлик киритди у.
Учинчидан, иккала минтақа ҳам жадал ўзгаришларнинг тарихий муҳим босқичини бошдан кечирмоқда. Шу билан бирга, нафақат замонавий иқтисодий жараёнлар, балки Кўрфаз ва Марказий Осиё мамлакатларининг ривожланиш стратегиялари ҳам жуда ўхшашдир. "Saudi Vision 2030," "Qatar National Vision 2030," "Oman Vision 2040" – ушбу стратегик ҳужжатлар "Қозоғистон – 2050," " Uzbekistan Vision – 2030," Қирғизистон ва Тожикистоннинг 2030 йилгача ривожланиш стратегияси ва Марказий Осиёдаги бошқа модернизация дастурлари билан кўп жиҳатдан ўхшашдир.
Тўртинчидан, мутахассис таъкидлаганидек, ҳар икки минтақада ҳам фаол минтақавийлашув жараёнлари кузатилмоқда: кўрфаз мамлакатлари бу борада кўп йиллик тажрибага эга бўлса, Марказий Осиё ҳамкорлик ва бирлаштириш асосларини қуришга эндигина киришди. Мутахассиснинг фикрича, бундай шароитда КАДҲКнинг Марказий Осиёдаги минтақанинг барқарор ривожланишига қаратилган умумий минтақавий ташаббус ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаши алоҳида аҳамият касб этади.
СМТИ вакилининг фикрича, мулоқотни қўллаб-қувватлашда таҳлил марказлари муҳим роль ўйнаши лозим. "Бугунги ва келгусидаги ҳамкорлигимиз олий даражадаги учрашувларни ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашга ҳамда минтақалар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга янги туртки беришига ишончим комил," – дея якунлади Элдор Арипов.

ЎзА