Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида давом этаётган дзюдо бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида 29 давлатдан келган дзюдочилар ўртасидаги яккалик беллашувлари ўз якунига етди.
Унда эркаклар ва аёллар ўртасида жами 14 та вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Қувонарлиси, мусобақа давомида Шаҳрам Аҳадов (-73 кг.) ҳамда Шахзодхўжа Шарипов (-90 кг.) барча рақибларини енгиб, олтин медални қўлга киритди. Замохшари Бекмуродов (-66 кг.) ҳамда Нурбек Муртазоев (-90 кг.) финалга қадар ўтказилган жангларда муваффақиятга эришиб, кумуш медаль билан тадирланди. Шунингдек, Шукуржон Аминова, Маржона Кўчимова ва Арслон Тожиев каби дзюдочиларимиз ўз вазнларида бронза медалига сазовор бўлди.


Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси 2 тадан олтин ва кумуш ҳамда 3 та бронза медалига эга чиқиб, умумжамоа ҳисобида шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йили Ҳонгконгда ўтган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин, 1 та кумуш, 5 та бронза медали билан 5-поғонадан жой олган эди. Энди 28 апрель куни Осиё чемпионати доирасида жамоавий баҳслар ташкил этилади. Қитъамизнинг 11 терма жамоаси иштирок этадиган ушбу мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси қуръа натижасига кўра, тўғридан-тўғри чорак финалдан иштирок этадиган бўлди. Дзюдочиларимиз ушбу босқичда Туркманистон ва Тожикистон термалари баҳси ғолибига қарши татамига чиқади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА