Пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича ўтаётган жаҳон кубогининг учинчи босқич мусобақасида дастлабки ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Қувонарлиси, жаҳон кубогида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Тахмина Икромова кўпкурашда 112.25 балл тўплаб олтин медални қўлга киритди. Ушбу йўналишда германиялик Дарья Вафоломеев кумуш, польшалик Лилиана Левинска бронза медали билан тақдирланди.
Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, Болгариянинг София шаҳрида ўтказилган жорий йилги жаҳон кубогининг илк босқичида Тахмина Икромова булавада кумуш, кўпкураш ва тўп билан чиқишда бронза медаллари соҳибасига айланган эди.


Шунингдек, гуруҳ машқларида Мумтоза Исҳоқзода, Эвелина Атальянц, Амалия Мамедова, Иродахон Содиқова, Аделя Файзулина и Мафтуна Заировадан ташкил топган Ўзбекистон терма жамоаси кумуш медалига эга чиқди. Польша термаси олтин, Хитой эса бронза медалига сазовор бўлди.
Бугун, 27 апрель куни мусобақанинг якуний кунида алоҳида йўналишлар бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА