Халқимизнинг хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлашга давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида катта эътибор қаратилаётгани барча соҳаларда эришилаётган натижаларда ўз ифодасини топмоқда.
Юртимизда “Инсон қадри учун” тамойилини ҳаётимизга татбиқ этишга қаратилган ислоҳотлар, хусусан, иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасида сўнгги беш йилда Наманган вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми икки баробарга, яъни 28,1 триллион сўмдан 68,9 триллион сўмга ошди.

Бугунги кунда энг муҳим масалалардан бири аҳоли даромадини ошириш орқали камбағаллик, ишсизлик ва миграцияни қисқартиришдир. 2022 йилда вилоятда 104,5 минг камбағал оила бўлиб, камбағаллик даражаси 15,7 фоизни ташкил этганди. Ҳозирга келиб, аҳоли даромадларини ошириш орқали камбағал оилалар сони 48,5 минг нафарга ёки камбағаллик даражаси 7,8 фоизга туширилди. Ҳозирда вилоят аҳолиси сони 3 миллион 144 минг 800 нафарни ташкид этиб, шундан 1 миллион 243 минг нафари иш билан банд.

Вилоятнинг инвестицион жозибадорлиги ва экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида бир қатор салмоқли ишлар амалга оширилди. Бундан беш йил илгари 216 миллион доллар сармоя ўзлаштирилган бўлса, ўтган йил якуни билан 3 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилди.

Масалан, Чуст туманида “Siberian Wellnes Namangan” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона томонидан қиймати 60 миллион долларга тенг пектин маҳсулоти ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини амалга оширишда Россия Федерациянинг “Siberian Wellness” компанияси томонидан 25,8 миллион доллар, “Chust Aynur Ip” хорижий корхонаси томонидан қиймати 30 миллион долларлик акрил хомашёдан ип-калава ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини бажариш ҳисобига 12 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий сармоя йўналтирилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизликни қисқартириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида республикамизда биринчи бўлиб “Наманган тажрибаси” сифатида ташкил қилинган кичик саноат зоналари ўзини тўлақонли оқламоқда. 2020 йилда бўш ва фойдаланилмай келинаётган 166 гектар ер майдонларида 13 та саноат зонаси барпо қилиниб, уларга 3,7 триллион сўм қийматдаги 280 та тадбиркорлик субъекти жойлаштирилган. 2020-2024 йиллар давомида бўш турган 656 гектар ер майдонида 59 та қўшимча саноат зонаси ташкил этилиб, уларнинг сони 72 тага етказилди. Мазкур ҳудудларга 8,8 триллион сўм қийматдаги 1 минг 285 та тадбиркорлик субъекти жойлаштирилиб 979 та лойиҳа тўла қувватда ишга туширилди.

Аҳолига муносиб турмуш шароитлари яратиш бўйича инфратузилмани ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, 2020-2024 йилларда барча мақсадли давлат дастурлари доирасида ҳудудларда маҳалла инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 7 минг 266 та объектда қурилиш-таъмирлаш, жиҳозлаш ва ободонлаштириш ишларига 9 триллион 312,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Жумладан, 997,4 километр умум-фойдаланувдаги йўллар асфальтланди ҳамда 37 та кўприк ва йўл ўтказгичлар қурилди. Вилоят бўйича 4 триллион сўм маблағ эвазига 5035 километр ички йўллар асфальтланиши натижасида 71 фоиз ички йўлларнинг ҳолати яхшиланиб, 1 минг 680 мингдан зиёд аҳолига қулайликлар яратилди.
“ОПЕК” жамғармаси иштирокидаги “Наманган вилоятининг Заркент, Ходикент, Исковот, Булоқбоши, Ёшлик шаҳарчалари ва Наманган шаҳрининг сув таъминотини яхшилаш” лойиҳаси бўйича 54 миллион доллар жалб этиш ҳисобига вилоятда 6 та сув тақсимлаш иншооти, 12 та сув қудуғи ҳамда 475 километр сув тармоғи қурилиб, реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган дастури ишлаб чиқилган бўлиб, бунда “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳамда давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорларида белгиланган устувор вазифалар, вилоятнинг мавжуд салоҳияти ҳамда ички имконият ва захиралари қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Дастурга асосан, вилоят иқтисодиёти 2029 йилга бориб, 2024 йилга (68,9 триллион сўм) нисбатан икки баробарга (129,5 триллион сўм) оширилади. Бунда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми аҳоли жон бошига 21,5 миллион сўмдан 37,8 миллион сўмга етказилади.
Бугунги кунда вилоятдаги 788 маҳалланинг 77 таси саноат, 102 таси савдо ва хизмат кўрсатиш, 35 таси ҳунармандчилик, 298 таси деҳқончилик, 151 таси чорвачилик, 50 таси иссиқхона ва 75 таси бошқа соҳаларда драйвер йўналишларига ихтисослашган ҳолда яратувчанлик ишлари билан банд. Келгуси йилларда маҳаллаларнинг асосий ва қўшимча драйвер йўналишларини ривожлантиришга эътибор қаратилади.
Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш борасида тижорат банклари томонидан 2025-2029 йилларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари асосида 2,9 триллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилади. 3,8 триллион сўмлик 113 минг 120 та микролойиҳа молиялаштирилиши натижасида 271 мингдан зиёд аҳоли бандлиги таъминланади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи чоғида Ангрен-Тўрақўрғон йўналишида 100 километр масофада йўлбўйи инфратузилмасини тартибли ташкил қилиш бўйича берилган топшириғига асосан, “мастер-режа” ишлаб чиқилмоқда. Унга асосан биринчи босқичда қиймати 186 миллион долларлик сервис ҳамда маиший хизмат кўрсатиш лойиҳалари амалга оширилади. Шу билан бирга, шаҳар ва туманларда жами 48 та туну кун фаолият юритувчи махсус хизмат кўрсатиш кўчалари ташкил этиш орқали 5 мингта савдо ва сервис объектининг фаолияти йўлга қўйилади.
Вилоятнинг инвестицион жозибадорлиги ва экспорт салоҳиятини ошириш борасида 14,7 миллиард долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Тўрақўрғон тумани Ибрат массивидаги “Наманган” эркин иқтисодий зонаси ҳудуди кенгайтирилди. Бу ерда умумий қиймати 1 миллиард долларлик 22 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 14 мингта иш ўрни очилади.
Шунингдек, хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда “Учқўрғон-Кенсай” божхона пости ёнида умумий қиймати 150 миллион доллар бўлган йирик “Эркин савдо зонаси” ташкил этилади. Саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш мақсадида қиймати 1,3 миллиард доллар бўлган тўртта йирик стратегик аҳамиятга эга лойиҳа, шу жумладан, Поп туманида умумий қиймати 850 миллион долларлик қуввати 1 000 мегаватт бўлган иккита йирик қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилади.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва маҳалла инфратузилмасини яхшилашга қаратилган ишларни изчил давом эттирган ҳолда йўл соҳасида 1 294,6 километр умум-фойдаланувдаги йўллар ва 3360,7 километр ички йўллар асфальтланади ҳамда 58 та кўприк ва йўл ўтказгич қурилади. Жумладан, қиймати 185 миллиард сўмлик лойиҳа асосида Уйчи тумани орқали Учқўрғон ва Норин туманларини боғловчи янги йўл ҳамда Норин дарёси устида янги кўприк қурилади.
Ичимлик суви таъминоти бўйича 509 километр узунликдаги сув тармоқлари ҳамда 40 та сув иншооти қурилади ва реконструкция қилинади. Натижада аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 84,9 фоиздан 90,0 фоизга етказилади. Шунингдек, электр соҳасида 4 минг 931 километр узунликдаги электр тармоқлари ва 1337 та трансформатор пункти реконструкция ва модернизация қилинади.
Эътироф этиш жоиз, Наманган шаҳри аҳолиси сони жиҳатидан “Бир миллионлик шаҳар” мақомини олганидан келиб чиқиб, мамлакатимиз раҳбарининг топшириғига асосан “Янги Наманган” шаҳарчаси бунёд этилмоқда. Шаҳарча ҳудудида 721 та тураржой объектида жами 50 мингдан ортиқ хонадон, 28 та мактаб, 24 та болалар боғчаси, 5 та шифохона, шунингдек, олий таълим муассасаси, бизнес-марказлар, кинотеатр, маданият маркази, меҳмонхона, “IT” парк, санъат галереяси каби объектларни барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда. Шаҳарча ҳудудида 93 миллиард сўм ҳисобига 58 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон боғи” ҳам фойдаланишга топширилди.
Шавкат Абдураззоқов,
Наманган вилоят ҳокими,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси.
ЎзА