Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида “Марказий Осиё – Хитой” формати доирасида Ташқи ишлар вазирлари VI учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари ҳам иштирок этган тадбирда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо ва ўзаро боғлиқликни кенгайтириш, умумий чақириқларга биргаликда ечим топиш масалалари муҳокама қилинди.

Мамлакатимиз ТИВ матбуот хизматига хабар беришича, томонлар минтақавий хавфсизлик, иқтисодий интеграция, инфратузилма лойиҳалари, транспорт-коммуникация тармоқлари, экология ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш зарурлигини якдил тасдиқлаган.

Жумладан, Бахтиёр Саидов Ўзбекистон барча қўшни давлатлар ва Хитой билан ҳар томонлама шерикликни янада чуқурлаштириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва минтақада барқарор ривожланишни рағбатлантиришга содиқ қолишини таъкидлади.

– Учрашувда илгари сурилган ташаббуслар барча учун умумий фаровонлик йўлида хизмат қилишига қатъий ишонамиз, – деб ёзган мамлакатимиз вакили ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
М.Пирматова, ЎзА