Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудига бағишланган “Муҳаммад Юсуф – шеърият заргари” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
“Ўзбек ва хорижий тиллар” кафедраси томонидан ташкил этилган тадбирда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, шеърият мухлислари иштирок этди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, адиба ва таржимон Назира Ас-Салом, адабиётшунос олим Афтондил Эркинов ва бошқалар Муҳаммад Юсуф ижодининг ўзига хос жиҳатлари хусусида тўхталишди.
Юртимизда чин маънода халқ шоирига айланган Муҳаммад Юсуф шеъриятини талабалар орасида кенг тарғиб этиш, унинг сермазмун ижодини ўрганиш, ўсиб келаётган ёш авлодга ўрнак сифатида кўрсатиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Анжуманда шоирнинг ўзбек адабиёти ривожидаги ўрни, шеъриятининг ўзига хос қирралари ҳақида сўз юритилди.
Айтиш керакки, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф 1954 йил Андижон вилояти Марҳамат туманида деҳқон оиласида таваллуд топган. Тошкентдаги Рус тили ва адабиёти институтида (ҳозирги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети) таҳсил олган.
Шоир дастлаб Республика китобсеварлар жамияти, “Тошкент оқшоми” газетаси, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, “Тафаккур” журнали ҳамда “Ўзбекистон овози” газетасида фаолият олиб борган. 1998 йилдан умрининг охиригача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган.
Унинг “Таниш тераклар”, “Илтижо”, “Уйқудаги қиз”, “Ҳалима эна аллалари”, “Ишқ кемаси”, “Кўнглимда бир ёр”, “Бевафо кўп экан”, “Эрка кийик”, “Сайланма”, “Биз бахтли бўламиз”, “Осмонимга олиб кетаман”, “Улуғимсан, Ватаним” сингари ўндан ортиқ шеърий тўплами китобхонлар томонидан севиб мутолаа қилинади.
Давра суҳбати давомида шоирнинг рафиқаси Назира Ас-Салом шоирнинг ҳаёт йўли, инсоний фазилатлари, ижод ва оиладаги ўрни ҳақида гапириб берди.
Н.Усмонова, ЎзА