2025 йилда 30 трлн сўмлик давлат активлари ва ер участкалари сотилади, давлат иштирокидаги янги корхоналарни ташкил этишга мораторий жорий этилади, хусусийлаштириш ва давлат мулкини ижарага олишда имтиёзлар берилади, давлат мулкини бошқариш ва сотишнинг янги механизмлари жорий этилади – Президент фармонига шарҳ.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар жадал суръатлар билан амалга оширилмоқда. Хусусан, давлат мулкини босқичма-босқич хусусийлаштириш йўналишида: 2021–2024 йилларда 47 триллион сўмлик давлат активлари сотилган (https://uza.uz/posts/702546). Бу – олдинги ўн йилликдаги кўрсаткичдан 30 карра кўп. Булар ҳисобига давлат иштирокидаги корхоналар сони 2 карра қисқариб, иқтисодиётда давлат улуши 13 фоизга камайган. Хусусийлашган мулк самарадорлиги ҳам бир неча баробар ошган. Албатта, бу орқали тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, ер ва мулк объектларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсад қилинган.
Муҳими, жараён нотўғри ёки шошма-шошарлик билан амалга оширилмаяпти – барчаси режалаштирилган ва шаффоф. Шу туфайли давлат мулкини хусусийлаштиришнинг фойдали томонларига ўтаверсак ҳам бўлади.
Аввало, маълумки, хусусий сектор фойда олишга интилади. Бу эса корхоналарни самаралироқ ишлашга ундайди. Натижада маҳсулот ва хизмат сифати ошади.
Яна бир муҳим афзаллик шуки, давлат хусусийлаштирилган корхоналарни бошқариш ва молиялаштиришдан озод бўлади. Бу орқали тежалган бюджет маблағлари таълим, соғлиқни сақлаш ва инфратузилма каби муҳим соҳаларга йўналтирилиши мумкин бўлади.
Хусусийлаштирилган корхоналар самарали фаолият юритиб, фойда кўрган сари солиқлар тўлайди. Бу эса давлат бюджетига қўшимча даромад келтиради. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, давлат бюджетининг асосий даромад манбалари — масалан, фойдали қазилмалар ва энергетика сектори — деярли хусусийлаштириш жараёнидан мустасно этилган. Шунинг учун хусусийлаштириш давлат даромадларига жиддий салбий таъсир кўрсатмайди.
Шунингдек, ходимларни қисқартириш эҳтимоли ҳам ўз ечимини топади. Сабаби, хусусий сектор ривожлангани сари янги иш ўринлари яратилади, бу эса ишсизлик даражасини камайтиришга хизмат қилади.
Энг муҳими эса давлат иштироки камайганда, коррупция хавфи ҳам камаяди, чунки қарорлар кўпроқ бозор тамойилларига асосланади.
Яқинда хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш мақсадида “2025 йил учун хусусийлаштириш дастури тўғрисида” Президент фармони [ПФ-70-сон] қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2025 йилда хусусийлаштиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди:
– 30 триллион сўмлик давлат активлари ва ер участкаларини сотиш ва камида 10 триллион сўм тушумни таъминлаш;
– давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли 115 та жамият устав капиталидаги улушларни, 659 та кўчмас мулк объектини ва 6,1 минг гектар ер участкаларини савдога чиқариш;
– дастлабки босқичда камида 30 та фойдали қазилма конь ва участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини савдога чиқариш.
Фармоннинг асосий жиҳатларига тўхталамиз.
Давлат иштирокидаги янги корхоналарни ташкил этишга мораторий
Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш ва хусусий сектор улушини ошириш мақсадида, 2030 йил 1 январгача давлат иштирокидаги янги корхоналарни ташкил этишга мораторий жорий этилади. Бунда мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги корхоналар ҳамда Президент қарорларида белгиланган алоҳида ҳолатлар бундан мустасно ҳисобланади.
Хусусийлаштириш ва давлат мулкини ижарага олишда имтиёзлар берилади
Жумладан, давлат активларини хусусийлаштиришни жадаллаштириш мақсадида:
– майдони 10 минг квадрат метрга қадар бўлган давлат мулки объектлари юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқарадиган тадбиркорларга 5 йил муддатга тўғридан-тўғри текин фойдаланишга берилади. Агар шартлар бажарилса, улар ушбу мулкни баҳоланган қийматда сотиб олишлари мумкин;
– агар кўчмас мулк объектлари бир йилдан ортиқ вақт давомида сотилмаса, улар бошқалар учун ҳам жозибадор бўлмаган ҳолда бошқа юридик шахсларнинг устав капиталига киритилади;
– тугатилаётган "Ўзпахтасаноат" АЖ ва унинг корхоналари активлари уч ой давомида сотилмаса, бошланғич баҳоси 50 фоизгача пасайтирилади ва сотиб олиш тўловлари уч йилгача бўлиб-бўлиб тўланади;
– бозорлар ва савдо мажмуаларининг устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажбурий иштироки талаб қилинмайди.
Ер участкалари сотилишини жадаллаштириш мақсадида:
– қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари очиқ электрон аукцион орқали ижара асосида олинган бўлса, ва бу ерлар шаҳарсозлик ҳужжатларига (бош режа, батафсил режалаштириш лойиҳалари ва бошқалар) мос келса, ҳамда ижара шартномасида бошқа шартлар белгилаб қўйилмаган бўлса, тўловлар тўлиқ тўлангач, бу ерлар Ўзбекистон фуқаролари ёки юридик шахслар томонидан хусусийлаштирилиши мумкин;
– маҳаллий ҳокимиятлар аукционга чиқарадиган ер участкалари, асосан, фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган ва тайёр лойиҳаси бор тадбиркорларнинг таклифига асосан танланади;
– аукционда турган, ўзаро ёнма-ён жойлашган кичик майдонли ер участкалари, шаҳарсозлик нормаларига асосан, бирлаштирилиб, ҳеч қандай қўшимча келишувсиз яна аукцион савдосига чиқарилади.
Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш мақсадида:
– агар ижарага олувчи ижара шартномаси тузилган кундан бошлаб бир ой ичида йиллик ижара тўловини тўлиқ тўласа, унга йиллик ижара суммасидан Марказий банкнинг ўша вақтдаги асосий ставкаси миқдорида чегирма берилади. Бироқ бу имтиёз қуйидагиларга қўлланилмайди: чегирма белгиланмаслиги шарти билан тузилган шартномалар; бир йилдан кам муддатга тузилган ижара шартномалари; бошқа имтиёзлар қўлланган шартномалар.
– агар бирор объект олти ой давомида электрон онлайн аукцион орқали ижарага берилмаса, унинг бошланғич нархи 50 фоизга пасайтирилади. Бу пасайтирилган нарх билан ҳам объект ижарага олинмаса, аукционда фақат битта иштирокчи қатнашган бўлса ҳам, у аукцион ўтказилган деб ҳисобланади.
Давлат мулкини бошқариш ва сотишнинг янги механизмлари жорий этилади
Хусусан, Тошкент, Нукус, вилоятлар ва туман/шаҳар марказларидаги давлат ташкилотлари ва давлат улуши бор корхоналар маъмурий биноларининг биринчи қавати бўшатилиб, электрон онлайн аукцион орқали тадбиркорлик субъектларига савдо ва хизмат (сервис) объектлари ташкил этиш учун ижарага берилади (Тўлиқ сотиладиган ёки алоҳида аҳамиятга эга бинолар бундан мустасно).
2025 йил 1 июлдан бошлаб, Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлинмалари “Давлат мулки” ахборот тизими орқали давлат ва давлат иштирокидаги корхоналар кўчмас мулкларини тўғридан-тўғри электрон аукционга чиқариш учун ариза бериш ҳуқуқига эга бўлади.
Савдо-саноат палатаси ҳудудий бўлинмалари ёки ҳоким ёрдамчиларининг аризаси асосида сотилган, бўш турган давлат кўчмас мулк объектларидан тушган сумманинг бошланғич нархидан ошган қисмидан 10 фоиз ажратилади. Бу маблағ Савдо-саноат палатасига ёки Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ҳамда объект жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинига тенг улушда берилади.
Агар давлат кўчмас мулки (Тошкент, Нукус ва вилоятлар марказлари бундан мустасно) оммавий савдоларда икки ойдан ортиқ вақт давомида сотилмаса, уларни сотишни тезлаштириш учун “E-auksion” платформасида рўйхатдан ўтган риэлторлик ташкилотлари Давлат активлари агентлиги билан тузилган шартнома асосида жалб қилинади.
Агар давлат улуши камида икки хил усулда хусусийлаштиришга уринишига қарамай, олти ой ичида сотилмаса, ваколатли давлат органи қарори асосида акциядорлар (ёки иштирокчилар) рўйхатидан чиқиш ёки корхонани тугатиш ташаббуси билан чиқишга рухсат этилади.
Давлат мулкини хусусийлаштириш дастури қабул қилинган кундан бошлаб, хусусийлаштириладиган давлат мулкини бошқа шахсга бериш, ҳисобдан чиқариш, гаровга қўйиш, хатлаш ёки мажбурий реализация қилиш тақиқланади.
Давлат активлари агентлигига тадбиркорлик субъектлари томонидан тан олинган қарздорликларни олди-сотди ёки ижара шартномалари бўйича инкассо топшириқномаси орқали ундириш ваколати берилади.
Агар тадбиркорлик субъекти (шу жумладан, давлат иштирокидаги корхона) тугатилаётгани ҳақида рўйхатдан ўтказувчи орган хабардор қилинса, ўша кундан бошлаб унинг молиявий ва хўжалик фаолияти тўхтатилади. Яъни бу пайтдан бошлаб, ер солиғи, мол-мулк солиғи, сув ресурслари учун солиқ, шунингдек, барча бошқа солиқ ва йиғимлар бўйича пеня, дивидендлар ҳисобланмайди.
Агар хўжалик жамияти ёки нодавлат нотижорат ташкилоти ихтиёрида давлатга тегишли (хусусийлаштирилмайдиганлардан ташқари) кўчмас мулк бўлса, у Давлат активлари агентлиги қарори билан, юқори турувчи органнинг розилиги асосида, бошқа бир давлат ташкилотига оператив бошқарув ҳуқуқи билан текин берилиши мумкин.
Вазирликлар, идоралар ва уларнинг тизимидаги ташкилотларга тегишли республика мулки бўлган маъмурий бинолар (судлар, қуролли кучлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бинолари бундан мустасно) Кадастр агентлиги билан биргаликда Давлат активлари агентлигига давлат мулки сифатида қайта расмийлаштирилади. Кейинчалик бу бинолар ҳар бир ходим учун белгиланган меъёрлар асосида текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилади.
Республика бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ёки бошқа давлат маблағлари ҳисобидан яратилган ёки сотиб олинган мулклар — республика мулки ҳисобланади. Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, маҳаллий бюджет ёки маҳаллий ҳокимият маблағлари ҳисобидан яратилган ёки сотиб олинган мулклар эса муниципал мулк ҳисобланади. Агар мулк ҳар икки манба ҳисобидан вужудга келган бўлса, у қайси ташкилот балансида бўлса, шу асосда тоифаси белгиланади.
Хусусийлаштириш дастурларига киритилган активлар (кўчмас мулк, улушлар, акция пакетлари) икки ой ичида ваколатли органларга топширилмаса, Давлат активлари агентлиги бу активларни ўз номига бир томонлама топшириш-қабул қилиш далолатномаси (депо топшириқнома) орқали расмийлаштиради.
2025 йил 1 октябрдан бошлаб, эгасиз кўчмас мулк объектларини давлат мулки сифатида рўйхатга олиш учун судга мурожаатни Давлат активлари агентлиги киритади.
Умиджон Қурбонов, ЎзА