Ўзбек киноси тарихида аёллар образини бетакрор ижро этган устоз санъаткор Лутфихоним Саримсоқованинг ижодий биографияси, ўзбек санъатида тутган ўрни ҳақида санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Омина Азизова билан суҳбатлашдик.
— Лутфихоним Саримсоқова номини эшитган томошабин кўз ўнгида ўзбекнинг бир қарасангиз маъсума, бир қарасангиз қатъиятли она тимсоли гавдаланади. Бунга актриса қандай эришган деб ўйлайсиз?
— Кинода ўзбек оналарига турлича тавсиф берилади: меҳрибон, самимий, фидойи, иродали, болажон, сабр-тоқатли. Баъзи холларда эса қатъиятли ва жасур шахслар сифатида намоён бўлади.
Лутфихоним Саримсоқова ролларини маҳорат билан талқин этган. Актрисанинг юз ифодаси, типажи, маъсума нигоҳи, майин табассуми ўзбек оналарига хос меҳридарёликни тасвирлайди. Бежизга Лутфихоним Саримсоқовага ўзбекнинг аяси, деган таъриф берилмаган.
Актриса турли жанрларда хотин-қизлар ва оналар характерини турлича акс эттирган. Драмаларда улар муҳаббат ва фидокорлик тимсоли бўлса, мелодрамаларда ўз фарзандлари учун курашувчи қаҳрамонга айланади. Лутфихоним Саримсоқова репертуаридаги оналар фарзанди учун ҳамма нарсага тайёр, фидойи шахс сифатида тасвирланган.
Л.Саримсоқова Меҳри ая (“Маҳаллада дув-дув гап”, 1960) қиёфасида типик умумлашма образ яратди. Санъаткорнинг физиогномикаси халқ аяси, онаси ва момосини акс эттирарди. Санъаткор умрининг сўнггига қадар оналар образини ижро этди ва актрисага “ая” эътирофи берилди. Меҳри аяга хос куюнчаклик ва кўнгилчанлик ички гармония билан ижро этилди. Меҳри ая халқона, болажон образ сифатида урғулаб кўрсатилди. Унинг нигоҳида мунг бор эди. Актриса табассум билан дард ва аламни кўрсатди.
— Барчамиз учун севимли бўлган “Сен етим эмассан” фильмидаги Фотима хола образида бирорта сохта эпизодни учратиш қийин. Бу актрисанинг маҳорати билан боғлиқми ёки ўша давр ҳаёти билан?
— Олтмишинчи йилларда кинокомедиялар қаторида драма жанридаги фильмлар ҳам яратилди. Уруш йиллари ўн тўртта бегона болага меҳр бериб, вояга етказган Маҳкамовлар оиласи ҳақида ҳикоя қилувчи “Сен етим эмассан” фильмида Л.Саримсоқова ва О.Жалилов кучли драматик қаҳрамонлар характерини яратди ва фильмнинг жанрини белгилаб берди.
Фотима хола роли Л.Саримсоқова учун атаб ёзилмаган бўлса-да, образни актриса қиёфасидан айро тарзда тасаввур этиб бўлмайди. Мазкур роль Л.Саримсоқовага киносиновларсиз берилган. Ўзбек аёлининг матонати, иродаси ва сабр-бардошини кўрсатувчи Фотима хола роли ижросига актриса оғир-вазминлик билан ёндашди. Урушдан қадди букилган, аранг кун кўраётган халқнинг дардини кўрсатиб берувчи Фотима хола умумлашма образи Л.Саримсоқова талқинида асосланди.
Фильмдаги актёрлар ижросига нисбатан якуний хулоса шуки, ижрода асосланмаган бирор кадрни топиш мушкул. Ҳар бир кадр, ҳар бир эпизод асосли ва умумий сюжетни тўлдиришга хизмат қилган.
– Бугун айрим фильмлар орқали ўзбек оналари сиймосини салбий образда кўрсатиш аёлларга нисбатан ҳурматсизлик ни келтириб чиқармайдими?
– Кинода оналар образи нафақат шахсий муносабатларни, балки маданий ва ижтимоий қадриятларни ҳам акс эттиради. Бу образ орқали актрисалар жамиятдаги оилалар, аёллар, ҳамда болалар тақдири ҳақида фикр юритишга чорлайди. Она тимсоли кино орқали келгуси авлодларга тарбия, меҳр ва бағрикенглик ҳақида ахборот беради. Шундай экан, катта экранга олиб чиқилаётган ўзбекнинг онаси, аёли, хотин-қизларига нисбатан номақбул тамға босмайлик. Албатта, гуруч курмаксиз бўлмайди, ўзбек аёллари орасида ҳам салбий характерга эгалари учраши табиий. Лекин уларни кино орқали қаҳрамон сифатида кўрсатиш шарт эмас.
Ўзбек аёллари доимо гўзал сажияда, чиройли қиёфада, замонавий руҳда, ўзининг муҳим ва муқаддаслигини сақлаган ҳолда намоён бўлиши керак. Зеро, менталитетимизда аёлларга ҳурмат юқори. Шундай экан, образлар ҳам томошабинни руҳлантириши, жамиятда онага бўлган меҳр ва эҳтиромни янада мустаҳкамлаши жоиз.
ЎзА мухбири Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.