Йўл-йўлакай
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги тоғли қишлоқларга сафар қиларканмиз, тоғларнинг юқори қисмида Дуоба номли қишлоқ борлиги ҳақида эшитгандик. Анъанага содиқ қолиб ўша қишлоққа ҳам боришни, у ернинг табиатию самимий одамлари билан танишишни кўнглимизга туккандик.
Эрта тонгдан фотомухбир билан йўлга отландик. “Ҳисорак” сув омборидан ошиб тушиб, “Ҳисорак” МФЙ марказига етиб келдик. Шу ердан тоғ йўлларига мослашган “УАЗ” машинасига ўтирдик. Дуоба қишлоғига Ғилон қишлоғи йўлидан чап томонга қараб тик қояларга тирмашиб чиқиб кетиларкан. Тик қояларни ёнбошлаб чиқиб кетган илон изи йўлдан юқорига кўтариламиз. Тоғнинг устига чиқарканмиз, тоғли “Ҳисорак” сув омбори ва унинг атрофи бўйлаб жойлашган аҳоли манзиллари яққол кўзга ташланади.
Бу йўлдаги биринчи қишлоқ Чунгурак қишлоғи. Илгари бу манзилга ҳам келганмиз. Ажойиб табиати, самимий одамлари, уларнинг кундалик юмушлари ҳақида ҳикоя қилганмиз.
Хуллас, Чунгурак қишлоғидан ўтиб, чунгуракликлар деҳқончилик қиладиган манзил – чаппа сув ҳудудини оралаб йўлимизда давом этамиз. Шу қишлоққа келганимизда “Ҳисорак” МФЙ раиси Сайфулла Норқулов ҳам бизга ҳамроҳлик қилди. Иқлими совуқ бўлгани боис бу жойларга баҳор нафаси пастга нисбатан кечикиброқ етиб келади. Атрофни қоплаган яшиллик, энди куртаклай бошлаган олмаю ўриклар кишига ўзгача завқ беради.
Йўл юриб яна бир аҳоли яшаш манзилига етиб келамиз. Бу Мингкўчар қишлоғи. Қадимда аҳолиси кўп кўчиб юрган шекилли, ҳозир ҳам 50 дан зиёд хўжалик, 300 нафарга яқин аҳоли яшар экан. Тараққиёт шабадалари озгина кечиккан ушбу манзилда ҳам одамлар асосан чорвачилик билан машғул. Шу қишлоқгача туман ҳокимлигининг озгина кўмаги ва ҳашар йўли билан йўлларга тош ётқизиб келинган.
Биз бормоқчи бўлган Дуобагача ҳали олис. Яна йўлимизда давом этамиз. Бу ёғига тупроқ йўл. Ёғингарчилик бўлган пайтларда машиналар лой йўлда чирпинавериб, иккита ариқча ҳосил қилиб қўйган. Қуруқчилик пайтда ҳам ўша ариқчадан чиқиб кета олмайсиз.
Ниҳоят Дуоба қишлоғига етиб келдик. Номидан келиб чиққан ҳолда қишлоқ тоғдан оқиб келувчи икки ирмоқнинг ўртасида жойлашган. Тоғли жойларда меҳмон овозаси тез тарқайди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Қишлоққа кириб боришимизданоқ бизни қарши олган отахонлар билан йўл устидаёқ суҳбатга киришдик.
– Бу ерларда қадимда катта қишлоқ бўлган, – дейди 93 ёшли Баҳром бобо Ҳамроев. – 350 дан ортиқ хўжалик бўлган. Иккита масжид бор эди. Пастдаги қишлоқлар одамлари ҳам жума намозини шу ерда ўқишган. Йиллар ўтиб, очарчилик, кейин босмачилик бошланган. Азият чеккан аҳолининг кўпчилиги кўчиб кетган. Сўнг уруш бошланди. Урушга шу қишлоқдан 150 нафардан зиёд йигит кетиб қайтмаган. Оқибатда уч хўжалик қолди. Эркаклар йўқ, фақат аёллар ва болалар бор. Ўшанда бола эдим. Буни жуда яхши эслайман. Шундан секин-секин аҳоли кўпайиб келяпти.
Тарихнинг неча бир чиғириғидан ўтиб келаётган қишлоқ кексаларининг сўзларига кўра, аҳолисиз йилларни ҳам кўришган. Кўчишлар тиниб, одамлар яна эски манзилларини макон қила бошлагандан буён хонадонлар сони яна кўпайиб, 50 дан ошибди. Ҳаётимиздан мамнунмиз, меҳнат қилсак, камимиз бут бўляпти, дейди одамлар самимийлик билан. Фақатгина қатнов учун йўлнинг носозлигини айтмаганда бошқа муаммомиз йўқ, дейди улар қўшимча қилиб.
– Йўлимиз жуда абгор. Ёғингарчилик пайтларида қатнов умуман тўхтаб қолади, – дейди Баҳром бобо. – Масъулларга кўп мурожаат қилдик, аммо натижа йўқ.
Аслида биз қишлоқнинг хушманзара табиатию, тоғ аҳолисининг урф-одатлари ҳақида ҳикоя қилмоқчи эдик. Аммо йўл масаласи бу қишлоқ аҳолисининг анча йиллик муаммосига айланган экан. Шундан сўнг объективларимизни ушбу масалага қаратишга тўғри келди. Чиндан ҳам қишлоққа олиб келадиган йўлнинг бир қисми анчагина таъмирталаб, бўлиб айни пайтда одамлар йўл таъмири учун масъуллар ёрдамига муҳтож. Қўл кучи билан бажариб бўлганида ҳашар қилиб йўлимизни тузатиб олган бўлардик, дейди улар машаққатлари ҳақида гапираркан.
– Шу қишлоққа келин бўлиб тушганимга 35 йилдан ошди, – дейди қишлоқ хотин-қизлар фаоли Гулноза Хушназарова. – Муаммомиз фақат йўл. Мана шу икки километр йўлимизга қум-шағал ётқизиб берилса, ўқувчиларимиз мактабга хавотирсиз борарди. Чунки юқори синф ўқувчиларимиз пастдаги Мингкўчар қишлоғидаги мактабга қатнайди. Касалларимиз шифохонага ўз вақтида етиб борарди. Қишлоғимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатадиган бирорта шифохона, биринчи ёрдамни кўрсатадиган мутахассис, дорихона йўқ. Айниқса, ҳомиладор аёлларимиз жуда қийналади. Марказга етказиб боргунча йўлнинг носозлиги туфайли қанча фожиалар ҳам бўлган. Қишлоғимизнинг табиати ажойиб. Одамларимиз мева етиштиради, картошка экади, чорвачилик қилади, лекин йўлнинг ёмонлиги туфайли харидорлар бу ергача етиб келолмайди. Арзонга сотишга мажбурмиз. Телевизорда кузатиб турамиз, қанчадан-қанча маҳаллалар обод манзилларга айлантирилмоқда. Шулар қатори бизнинг қишлоққа ҳам эътибор қилинса, жуда миннатдор бўлардик. Қийинчиликларимиз камаярди.
Қишлоқни айланиб, одамлар билан суҳбатлашарканмиз, улар бугунги кунда аҳоли манфаати учун энг муҳим йўналишлардан ҳисобланган йўл, тиббий хизмат, таълим каби соҳаларда яратилаётган имкониятлардан бебаҳра. Бошланғич синфлар учун 2017 йилда қуриб берилган замонавий мактаб биноси ҳам фойдаланишга топширилмасдан турибди. Ўқувчилар эски бинода ўқийди.
Аҳоли ҳамон эскича тизим билан яшамоқда. Эркаклар чорва боқиб, боғдорчилик, деҳқончилик қилади. Аёллар уларга кўмаклашади, мавсумда тоғдан гиёҳ теради. Буларнинг ҳаммасига йўлнинг носозлиги сабаб, дейди улар. Агар йўл обод қилинса, тараққиёт кириб келаверади, деб ҳисоблашади. Дуобалик аҳоли, ўзларининг айтишича, туман ҳокимию бошқа масъулларнинг фақатгина номини эшитган, аммо бирортасини кўрмаган. Чунки масъуллар тугул дуобаликларнинг ўзи ҳам пастга зўрға тушиб- чиқишади.
Масъуллардан Дуоба қишлоғидаги оғриқли масалалар ечими, айниқса, йўл борасида бирор чора-тадбир кўрилаётгани ёки кўрилмаётгани хусусида изоҳ сўрадик.
Маҳалла раиси ҳам бу муаммо ечими ҳақида зарур чоралар кўрилаётганини маълум қилди.
– Насиб бўлса, йўл муаммоси ҳам ечилади, – дейди “Ҳисорак” МФЙ раиси Сайфулла Норқулов. – Ўтган йили Мингкўчар қишлоғигача бўлган йўлга ҳашар йўли билан шағал ётқизганмиз. Бу йил Дуобагача ҳам қилинади. Туман ҳокимлигини ҳам хабардор қилганмиз. Ёғилғи ва техника ажратса, қолганини одамларимизнинг ўзи амаллашади.
[gallery-23006]
На бир баланд девори ёки дарвозаси бор бу мўъжазгина қишлоқда балки эътиборни тортадиган жиҳатларни топиш мушкулдир. Аммо меҳмондўст ва меҳнаткаш одамлари, фусункор табиати билан қалбингиздан чуқур жой олиши, шубҳасиз. Тандирда ёпилган нон ва тоғ офтобида қуритилган қурутнинг мазасини эса бошқа ерда аниқ учратмайсиз.
Ортга қайтарканмиз, дуобаликларнинг йўл муаммоси хусусида туман масъуллари билан ҳам учрашдик.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xQyeDDU-iFQ" title="E’tibordan chetda qolgan olis Duoba qishlog‘i" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>– Ҳақиқатдан ҳам Мингкўчар қишлоғидан Дуоба қишлоғигача бўлган икки-уч километр йўл таъмирталаб. Бу масала бўйича бизга ҳам аҳоли томонидан мурожаатлар келиб тушган, – дейди Шаҳрисабз туман ободонлаштириш бошқармаси бўлим бошлиғи Актам Бобоқулов. – Ушбу йўлга шағал ётқизиш бўйича таклифларни берганмиз. Дастур тасдиқланиб келса, амалий ишлар бошланади. Бунга ҳам қараб турмасдан туман ҳокимлиги билан келишган ҳолда ҳашар йўли билан таъмирлаш чоралари кўрилмоқда.
Йўлнинг олислиги ва ноқулайлигини биз ҳам инобатга олган ҳолда яқин ойларда эътибордан қолиб келаётган дуобаликларнинг муаммолари ижобий ҳал этилишига умид қиламиз.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари