Ватанимиз тарихидаги 25 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1498 йил (бундан 527 йил олдин) – тарихчи Хондамирнинг маълумот беришича, Пули чироғ дарасида Хуросон ҳукмдори Султон Ҳусайн Бойқаро ва унинг ўттиз ёшли ўғли Бадиуззамон ўртасида қаттиқ жанг бўлди. Ота ва ўғил ўртасидаги уруш Султон Ҳусайннинг ғалабаси билан тугади. Бадиуззамон Қундуз томон чекинди. Бу ҳақда тарихчи Хондамир қуйидагича ёзади:

“Ана шу аҳвол асносида хислати мақтовга сазовор хоқон (Султон Ҳусайн) ўзининг иқболли соясини ана шу маъракага туширди. Бадиуззамон мирзонинг кўзлари подшоҳ байроғининг моҳчасига тушиши билан ўзини йўқотди ва шу тарзда отага қарши туришни ҳурмат юзасидан ақлга сиғмайдиган иш деб ҳисоблаб, ихтиёр ва зарурат юзасидан жанг майдонини ташлаб чиқди ва юзини чекиниш водийсига қаратди...”

1879 йил (бундан 146 йил олдин) – “Туркистон вилоятининг газети”да Қўқоннинг собиқ хони Худоёрхон ҳақида хабар босилди. Бу вақтда Худоёрхон Оренбург сургунидан қочиб Яқин Шарқда юрган эди. У ҳукмронлик қилган Қўқон хонлиги ҳам руслар томонидан тугатиб юборилганди. Адабиётшунос ва тарихчи Шариф Юсуповнинг қайд этишича, хабарда бундай дейилган: 

“Ушбу яқинда Макка мазмаъидин қайтиб келган бир ҳожи Худоёрхон тўғрисида айтган хабаридан зоҳир бўладурки, ушбу йил Худоёрхон Макка мазмаъиға бориб ҳаж қилғон экан. Худоёрхон хонлиғ вақтида бир кишини шаҳардан бадарға айлаб, тасарруфидаги амволларини хазинага олиб, ўзини ҳайдаб юборгандин сўнг ул бечора ночор ҳажға бориб, бир неча йилдин буён ўша тарафларда турғон экан. 

Чун Худоёрхон ҳаж учун Макка мазмаъиға борганда, ул киши Худоёрхонни кўруб: “Эй ноинсоф, манга мунча жабр-зулм қилиб, ахийри ўзунгнинг ҳам ахволинг шул бўлдиму?” – деб тош бирла оғзига уруб, Худоёрхонни тишини синдирибдур. Баъдаз он хон ўшал ерни улуғларига арз қилиб, урган киши билан тафтишга тушган экан. Аммо ишлари нечук бўлуб битушгани маълум эмасдур. Ба ҳар тақдир худ шу кунларда Худоёрхоннинг ўзи Шом шаҳрида турган эмиш”. 

Бироқ ўзбек маърифатпарвари, шоир Исҳоқхон Ибратнинг ёзишича, воқеанинг якуни газетадаги хабардан бошқачароқ бўлган. Газетада ёзилганидек, у ўша ернинг улуғларига арз қилиб, урган киши билан тафтишга тушмайди, балки Маккадаги жазо идоралари айбдорга тўрт йиллик қамоқ жазоси белгилаганда, собиқ хон унинг гуноҳидан кечганлигини айтиб бу жазо юмшатилишига эришади.

1917 йил (бундан 108 йил олдин) – “Улуғ Туркистон” газетасининг биринчи сони чиқди. Обуна учун “ғазитанинг баҳоси йиллиқ 7 сўм, олти ойлиқ 4 сўм, уч ойлиқ 2 сўм 25 тийин” нарх белгиланган. Газета 4 саҳифадан иборат бўлиб, унинг биринчи бети юқори қисмида эълон (реклама) ундан сўнг куннинг энг муҳим воқеаси баён этилиб, кейинги саҳифаларда “Телеграф хабарлари”, “Сиёсий аҳвол”, “Адабиёт”, “Доҳилия хабарлари”, “Туркистон хабарлари”, “Тошканд хабарлари” ва яна охирида эълонлар ўрин олган. Газета “Яшасин миллатлар мухторияти” шиори остида иш юритган.

1919 йил (бундан 106 йил олдин) – Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Ҳамид Ғулом таваллуд топди (вафоти 2005 йил). Унинг комик роллар устаси Соиб Хўжаев ижро этган Тошболта ошиқ тўғрисидаги комедияси Муқимий театрида саҳналаштирилган. Ҳамид Ғулом 1998 йилда “Эл-юрт ҳурмати”, 2004 йилда “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан мукофотланган.

1933 йил (бундан 92 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукумати “Республика қўлёзма фондларини бирлаштириш тўғрисида” қарор қабул қилди. Мазкур қарорга биноан Тошкентдаги Давлат кутубхонаси (ҳозирги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси) Ўзбекистондаги қўлёзмалар сақланадиган марказий ташкилот деб эълон қилинди ва республиканинг барча муассасаларига ўзларида сақланаётган ҳар қандай мазмундаги шарқ қўлёзма китобларини икки ой муддат ичида ўз ҳисобидан юқорида зикр этилган кутубхонага етказиш мажбуриятини юклади. Қарорда аҳолидан қўлёзмаларни сотиб олишга маблағлар ажратиш ҳам назарда тутилган эди. 

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, 1943 йили Давлат кутубхонасининг шарқ бўлими негизида Шарқ қўлёзмаларини ўрганиш институти ташкил этилганидан сўнг, қўлёзмаларни сақловчи марказий ташкилот функцияси шу институтга ўтказилди. Бугунги кунда бу ташкилот Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти деб номланади. Институтнинг қўлёзмалар хазинаси нафақат тўпланган китоблар ва ҳужжатларнинг сони, уларнинг мавзу, тил ва давр ранг-баранглиги, балки қўлёзмаларнинг ўзига хос китобат усули билан ҳам ажралиб туради. Институт қўлёзмалар фонди 2000 йилда ЮНЕСКОнинг Маданий мерос рўйхатига киритилган. Ҳозирги кунда Шарқшунослик институти хазинасида арабий ёзувдаги 26000 дан ортиқ қўлёзма, 39000 дан зиёд босма китоблар мавжуд бўлиб, уларнинг сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда. 

1949 йил (бундан 76 йил олдин) –Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси бюроси “Ўзбекистон совет ёзувчилари Союзининг иши тўғрисида” қарор чиқарди. Ушбу қарорда “Шарқ юлдузи” (муҳаррири Ойбек) журналининг “аҳволи ёмонлиги, у хато йўлга тушиб қолганлиги” таъкидланди. 

1997 йил (бундан 28 йил олдин) Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодекси тасдиқланди. Ўзбекистон Республикасининг “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

2003 йил (бундан 22 йил олдин) “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида” Қонунлар қабул қилинди.

2015 йил (бундан 10 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланиши соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. 

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фонди ЮНЕСКОнинг Маданий мерос рўйхатига киритилганини биласизми?