Sirli olam
Тасаввур қилинг, самолётда ёки кемада кетяпсиз, бирданига дом-дараксиз, изсиз йўқолиб қолдингиз. Энди сизни на яқинларингиз ва на бошқа бегоналар топа олмайди.
Бугун ўша машҳур Бермуд учбурчаги ҳақида
Бермуд учбурчаги, Шимолий Атлантика океанининг Шимолий Америка яқинидаги қисми, унда 50 дан ортиқ кема ва 20 та самолёт сирли равишда ғойиб бўлган. Бермуд учбурчаги Атлантика океанидаги Флорида, Пуэрто-Рико ва Бермуд ороллари орасидаги ҳудуд ҳисобланади. Унинг умумий майдони ҳисоб-китоблари 1 300 000 ва 3 900 000 квадрат километр оралиғида.
Бу ҳудудда тушунарсиз ҳодисалар ҳақида илк хабарлар 19-асрнинг ўрталарига бориб тақалади. Баъзи кемалар ҳеч қандай изоҳсиз ҳолда бутунлай ташлаб кетилган ҳолатда топилган. Бошқалари эса фавқулодда сигнал юбормаган ва шунчаки ғойиб бўлган — уларнинг кейинги тақдири номаълумлигича қолган. Самолётлар ҳам изсиз йўқолган, ҳаттоки уларни қутқариш учун юборилган экспедициялар ҳам йўқолиб кетгани айтилади. Шунга қарамай, ҳозиргача бу воқеаларга оид ҳеч қандай аниқ қолдиқ ёки далил топилмаган. Уларни тушунтириш учун илгари сурилган баъзи назариялар эса ҳаддан ташқари хаёлий кўринади.
Бу йўқолишларга ғайритабиий кучлар сабаб бўлган деган қарашлар кўп учраса-да, илмий жиҳатдан изоҳланадиган табиий омиллар бундай ҳодисаларни тушунтиришда асослироқ ҳисобланади. Масалан, шундай тахминлардан бири шуки, учувчилар Бермуд учбурчаги яқинидан ўтаётганда компас оғишини ҳисобга олишмайди. Чунки бу ҳудудда "агоник чизиқ" деб аталувчи жой бор — яъни компасда магнит оғишини тузатишга эҳтиёж бўлмайди. Бу эса нотўғри йўналишда учишга олиб келиб, фалокатга сабаб бўлиши мумкин. Яна бир машҳур назарияга кўра, кемалар ва самолётлар "ғайритабиий тўлқинлар" — яъни баландлиги 30 метргача етадиган улкан тўлқинлар томонидан ютиб юборилган бўлиши мумкин. Бундай кучли тўлқинлар ҳар қандай кема ёки самолётни изсиз йўқ қилиши мумкин. Бермуд учбурчаги эса айнан бир нечта бўрон йўллари кесишадиган жойда жойлашгани сабабли, бундай тўлқинлар айнан шу ҳудудда юзага келиш эҳтимоли юқори бўлади.
Шунга қарамай, АҚШнинг Миллий Океан ва Атмосфера Маъмурияти (NОАА) қуйидагича баёнот берган: “Бермуд учбурчагида сирли йўқолишлар бошқа кенг ва кўп қатновли океан ҳудудларига қараганда кўпроқ содир бўлади, деган далиллар йўқ.” Шунинг учун ҳам, бу ҳудуддан кемалар ва самолётлар бугунги кунда ҳам ҳеч қандай муаммосиз ўтишда давом этмоқда.
Бермуд учбурчагида содир бўлган энг машҳур воқеа — 1945-йил 5-декабрда бешта ҳарбий самолёт (Фlight 19) машғулот вақтида йўқолиб, улардан ҳеч қандай из топилмаган. Айрим мутахассислар бу ҳодисаларни табиий омиллар билан изоҳлайди: метан газининг сувга чиқиши, кучли бўронлар, океаннинг 9 км чуқурлиги ва инсоний хатолар.
Австралиялик олим Карл Крусзелниcки эса бу воқелар ортида ҳеч қандай сир йўқ, ҳаммаси шунчаки бўрттирилган афсоналардир, деб ҳисоблайди. Унга кўра, Бермуд учбурчагида бошқа денгиз ҳудудларидан кўра кўпроқ ҳалокат рўй бермаган.
Шунга қарамай, бу жой ҳанузгача сирлилик аураси билан ўралган. Қандай қилиб изсиз ғойиб бўлган самолётлар ва кемаларни унутиш мумкин?
<iframe width="1250" height="703" src="https://www.youtube.com/embed/ydgNQU0EYI8" title="Bu hududda hamon samolyotlar g`oyib bo`lmoqda. Aslida Nima Bo`layapti?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА