Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 2019 йилдан бошлаб мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари ўртасида “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.
Танловнинг жорий йилги синовлари март-апрель ойларида ташкил этилди. Синовларнинг туман (шаҳар) босқичида иштирок этиш учун давлат мактабгача таълим ташкилотларининг 16 минг 384 нафар директор ўринбосари ва тарбиячилари рўйхатдан ўтган.
Танлов “Энг яхши методист”, “Йилнинг энг фидокор тарбиячиси”, “Энг яхши ижодкор-ихтирочи тарбиячи”, “Инновацион ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши тарбиячи”, “Энг яхши эко-тарғиботчи тарбиячи” ҳамда “Янги Ўзбекистонда янги авлод болаларини маънавий камолотга етакловчи энг яхши тарбиячи” каби номинациялар бўйича ташкил этилади.
Танловнинг туман (шаҳар) саралаш босқичида иштирокчилар 3 та шарт бўйича билим ва малакаларини синовдан ўтказди. Якуний натижаларга кўра, 1 минг 55 нафар иштирокчи танловнинг ҳудудий саралаш босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.
Жорий йил 7-17 апрель кунлари ўтказилган танловнинг ҳудудий босқич якуний натижаларига кўра, 79 нафар иштирокчи танловнинг республика финал босқичида иштирок этиш имконига эга бўлди. 24-25 апрель кунлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида танловнинг Республика финал босқичи бўлиб ўтмоқда.
Биринчи шартда иштирокчилар мактабгача таълим сифатини оширишда (таълим мазмуни, таълимда методикани қўллаш, таълимга инновацияларни жорий этиш, таълим сифатининг натижавийлиги ва ҳ.к) мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан аниқ янги таклифлар тўғрисидаги лойиҳа тақдимотини ўтказади ва у 30 баллик мезон асосида баҳоланиши кўзда тутилган.
Иккинчи шартда тегишли номинациялар бўйича танланган мавзу юзасидан машғулот ишланмаси тайёрланади ва унга 60 дақиқа вақт берилади. У 40 баллик мезон асосида баҳоланди. Учинчи шартда иштирокчиларга методика ва мактабгача таълим соҳаси бўйича 30 тадан тест саволлари, ҳар бир савол учун 2 (икки) дақиқа вақт берилади.
Тест саволларининг ҳар бир тўғри жавоби 1,5 (бир ярим) балл билан баҳоланади ва умумий 30 баллни ташкил этади. Тест синовлари онлайн тартибда ўтказилди.
Танловнинг республика финал босқичи ғолиблари бир марталик пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Шунингдек, олий маълумотга эга бўлмаган ғолиблар олий таълим муассасаларининг "Мактабгача таълим" йўналишига кириш имтиҳонларисиз давлат гранти асосида ўқишга кириш имтиёзини қўлга киритади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА