Бугунги кунда интеллектуал мулкни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш нафақат яратувчиларга ҳимоя, балки миллий иқтисодиёт учун ҳам янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Шу боис, мамлакатимизда бу йўналишда тизимли ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан соҳага оид қатор амалий тадбирлар ўтказилиб, мутахассислар ва ёшлар ўртасида билим ва кўникмалар ошириб бориляпти.
Инновацион ривожланиш агентлиги бошқарма бошлиғи Рустам Эргашев бу борада қуйидагиларни таъкидлади:
–Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 апрелдаги “Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳани ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Ушбу ҳужжат асосида интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш, муаллифлар ва бошқа ижодкорларнинг моддий манфаатларини таъминлаш бўйича амалий ишлар йўлга қўйилган.
Таъкидлаш жоизки, илмий ва техник ишланмалар, муаллифлик асарлари, бренд ва товар белгилари каби интеллектуал мулк объектлари бозорда рақобатбардошликни оширади ҳамда тадбиркорликни ривожлантиради. Шу сабабли, интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш тараққий этувчи ҳар бир давлат учун устувор вазифалардандир.
26 апрель – “Бутунжаҳон интеллектуал мулк куни” сифатида халқаро миқёсда кенг нишонланади. Ушбу сана муносабати билан Инновацион ривожланиш агентлигида “Интеллектуал фаолият ва унинг ҳуқуқий ҳимояси” мавзусида семинар ташкил этилди. Унда олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлардан 150 нафарга яқин профессор-ўқитувчи, изланувчи ва ёшлар иштирок этди.
Семинарда соҳа мутахассислари томонидан ҳудудий ва халқаро патентлаш жараёнлари, саноат намуналарини рўйхатга олиш, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш, товар ва хизмат кўрсатиш белгилари, географик кўрсаткичлар каби масалалар юзасидан тақдимотлар қилинди. Шунингдек, қонунбузарлик ҳолатлари, контрафакт маҳсулотлар билан курашиш, жавобгарлик чоралари, интеллектуал мулк бўйича ахборот базаларидан самарали фойдаланиш каби муҳим мавзулар атрофлича муҳокама этилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ow0CNkO_7Ws" title="Intellektual mulk – iqtisodiy taraqqiyot va innovatsiyalarning huquqiy poydevori" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Хулоса қилиб айтганда, бундай тадбирлар иштирокчилар билимларини ошириш билан бирга, тизимни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади. Зеро, интеллектуал мулкни ишончли ҳимоя қилиш, соҳадаги давлат бошқарувини такомиллаштириш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш барчамиздан масъулият талаб этади.
Н.Зиёдуллаева, А.Аҳмедов (видео), ЎзА