Олмалиқ кон-металлургия комбинати олимлари ва мутахассисларининг узоқ йиллик изланишлари натижасида 2021 йилда рений металли 99,9 фоиз соф ҳолда олинган эди. Мазкур нодир металл Мис эритиш заводида тайёрланадиган перранат аммонийдан олиниб, жараён водород тиклаш усули билан амалга оширилди.
Комбинат бизнес режасига кўра 2025 йилда ушбу маҳсулотни саноат миқёсида ишлаб чиқариш режалаштирилган эди. Бугунги кунда Ўзбекистон технологик металлар комбинатида ренийни ишлаб чиқариш бўйича участка ташкил этилган. Германиянинг энг замонавий технологик ускуналари ўрнатилган участкага рений хомашёси Мис эритиш заводи ва маҳаллий саноат корхоналаридан келтирилмоқда. ОКМК томонидан йилига 3 тонна рений ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Маълумот учун: рений Менделеев даврий жадвалида 75-ўринни эгаллаб, ўзига хос ноёб физик-кимёвий хоссаларга эга ва кўплаб соҳаларда қўлланилади. Энг зич ва қаттиқ металлардан бири бўлган ушбу металл нефтни қайта ишлаш саноатида катализатор тайёрлашда асосий компонент ҳисобланади. Авиасозлик, электротехника соҳаларида деталлар учун асосий элемент сифатида фойдаланилади.
Ядро саноатида эса ушбу металлдан термопаралар тайёрлашда фойдаланилиб, бу реакторда юқори ҳароратни ўлчаш имконини беради.
Шунингдек, тиббиётда турли оғир хасталикларни даволашда амалга ошириладиган илмий-тадқиқот ишларидаги махсус ускуналарни тайёрлашда қўлланилади. Заргарликда эса ушбу нодир металлдан қимматбаҳо буюмларни безаш учун қоплама сифатида фойдаланилади. Жаҳон бозорида талаб юқори бўлган рений металлининг бугунги кунда ўртача нархи қарийб 2 минг (1кг) долларни ташкил этади.
ОКМК Ахборот хизмати