Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтариш, икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги парламент делегациясининг Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси Нуман Куртулмуш таклифига биноан Туркияга ташрифи шу йўналишдаги ишларни янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Ташриф давомида парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки томонлама муносабатларнинг барча йўналишларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жумладан, ижтимоий ҳимоя, таълим, хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳаларидаги ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Т.Норбоева Туркия Буюк Миллат Мажлиси Раиси, Туркия оила ва ижтимоий хизматлар вазири, шунингдек, бир қатор давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари билан учрашади.
Н.Абдураимова,
ЎзА