Ватанимиз тарихидаги 24 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1178 йил (бундан 847 йил олдин) – Абу Тоҳирхожанинг “Самария” асарида қайд этилишича, Бурҳониддин Марғиноний Самарқандда “Ҳидоя” китобини ёзиб тугатди. Араб тилидан таржима қилганда “йўлланма” маъносини англатувчи ушбу асарнинг тўлиқ номи “Ҳидоя фи фуруъ ал-фиқҳ” – “Фиқҳ соҳалари бўйича йўлланма” бўлиб, асар ҳанафийликда кенг тарқалган шариат қўлланмаси (кодекси) ҳисобланади. Уни Бурҳониддин Марғиноний 13 йил давомида ёзган. “Ҳидоя” 4 жилд, 57 китоб, 165 боб, 152 фаслдан таркиб топган. Бир неча аср давомида кўплаб мусулмон мамлакатларида ҳуқуқшунослик бўйича асосий манба ҳисобланган.
1522 йил (бундан 503 йил олдин) – Сафавийлар ҳукмдори Исмоилнинг Шарқ уйғониш даври етук санъаткори, мусаввир Камолиддин Беҳзодни Табриз кутубхонасининг китобдори этиб тайинлаш тўғрисидаги фармони чиқди. Мазкур фармоннинг матни Хондамирнинг “Номайи номий” асарида тўлиқ келтирилган. 1914 йилда бу ҳужжатни шаркшунос олим Мирзо Муҳаммад Қазвиний Парижда чиқадиган журналда эълон қилади. Шоҳ Исмоил фармонининг инглиз тилига таржимаси Томас Арнольднинг 1928 йили Лондонда чоп этилган “Ислом дунёсида тасвирий санъат” асарида келтирилади.
1750 йил (бундан 275 йил олдин) – тарихчи олим Ҳамид Зиёевнинг қайд этишича, Хива элчиси Шербек Аширбой Мулланадиров ўз ҳамроҳлари билан Оренбургга етиб келди. Элчи генерал-губернатор билан олиб борган музокарасида, Ўрта Осиёда, шу жумладан, Хива хонлигида савдони кучайтиришда муҳим роль ўйнайдиган Оренбург барпо этилганлиги учун императорга миннатдорчилик изҳор қилган.
1870 йил (бундан 155 йил олдин) – Хива хонлиги амалдори Муҳаммадёр тўра (Мадиёр иноқ) таваллуд топди. У Хива хонлари Асфандиёрхон ва Саййид Абдуллахонлар даврида иноқлик лавозимида ишлаган охирги иноқ бўлиб тарихда қолди. Мадиёр тўра иноқ бўлган даврга келиб иноқларнинг мавқеи пасайган, давлат сиёсий ишларида уларнинг ўрни билинмас эди. Мадиёр тўра 1935 йилда сургундан қайтиб, 1937 йилда Тошкентда вафот этган.
1891 йил (бундан 134 йил олдин) – Бухоро амирлиги ҳукумати Китобдан Тахтақорачагача бўлган тоғ йўлларини очиш ва таъмирлаш мажбуриятларини белгиловчи 17 банддан иборат концессияни имзолади.
1907 йил (бундан 118 йил олдин) – Маҳмудхўжа Беҳбудий Россия империяси Давлат Думаси Мусулмон фракциясига ўзининг маданий мухторият лойиҳасини юборди. У мазкур ҳужжатда Туркистон зиёлилари орасида биринчи бўлиб Туркистон учун мухторият берилишини дадил кўтариб чиққан эди. Беҳбудий бу масала ҳақида шундай ёзади: “Миллатимизни истеъдодсиз ва идораи дохилия ва афтономияни ижро ва ҳифзига қодир эмас зан этувчилар, албатта, хато этарлар. Оврупойи Русий мусулмонларидан зиёдароқ афтономияни Туркистонға берилмоғи лозимдир. Азбаски, туркистонликлар ҳануз дохилан ўзини ўзи идора этар ва Оврупойи Русийдаги қардошларимиздан ихтиёрлидурлар”.
1926 йил (бундан 99 йил олдин) – хонанда (лирик тенор), Ўзбекистон халқ артисти Таваккал Қодиров таваллуд топди (вафоти 1996 йил). У – бетакрор, ширали, жарангдор ва тиниқ, ниҳоятда кенг ва юқори диапазонли овоз соҳиби бўлган.
1937 йил (бундан 88 йил олдин) – қатағоннинг иккинчи тўлқини чарх урганда, ўзбек ёзувчилари орасида биринчи бўлиб Абдурауф Фитрат НКВД (Ички ишлар халқ комиссарлиги) томонидан “халқ душмани” сифатида ҳибсга олинди. НКВД ходимлари томонидан 1938 йил 4 октябргача Фитрат устидан очилган “жиноий иш” терговлари олиб борилди, Ҳарбий ҳайъатнинг 1938 йил 5 октябрдаги суд қарорига мувофиқ Фитрат Ўзбекистон ССР жиноят кодексининг 57–1, 63, 64, 67-моддалари билан айбланиб отишга ҳукм қилинди. Ҳукм Тошкент шаҳрида Бўзсув бўйида ижро этилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, Фитрат 1923–1924 йилларда Москва ва Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳарларида яшади. Шарқ тиллари институтида ишлади. Ушбу йилларда унга Ленинград Давлат университети томонидан профессор унвони берилди. Ўз юртига қайтиб келган Фитрат илмий-тадқиқот институтида, ўқитувчилар малакасини ошириш институтида ишлайди.
Тарихчи Жумагул Абдураҳмонованинг қайд этишича, Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон давлат университети (ҳозирги Самарқанд давлат университети)да ҳам самарали меҳнат қилди. Фитрат ушбу олий ўқув юртидаги фаолияти давомида университет ўқув жараёнига катта ўзгаришлар киритишга ҳаракат қилди. Айниқса, шарқ алломаларининг қимматли асарларидан фойдаланиб дарс ўтишни йўлга қўйиш ишларини олиб боради. Фитратга ушбу олий ўқув юрти профессори унвонини бериш ҳақидаги таклиф ўша вақтдаги тузум томонидан рад қилинган эди.
1997 йил (бундан 28 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида” қонунлари қабул қилинди.
2012 йил (бундан 13 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тамакига қарши курашиш бўйича ҳадли конвенциясига (Женева, 2003 йил 21 май) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
2015 йил (бундан 10 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларини аутсорсинг асосида хусусий сектор томонидан амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА