“Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази Самарқандда қад ростлаган замонавий, улуғвор ва эртакнамо меъморий мажмуа саналади.
Ёдимизда, олти йил аввал Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйида 212 гектар майдонда ушбу мажмуа қурилиши бошланган эди. Бугун бу кўп тармоқли марказ таркибида қатор замонавий меҳмонхоналар, Конгресс холл, “Боқий шаҳар” мажмуаси, амфитеатр ва кўплаб бошқа иншоотлар қизғин фаолият юритиб келмоқда. У йилига миллионлаб сайёҳларни жалб қилиб, уларга мукаммал хизмат кўрсатаётир.

Бугун бу ердаги “Боқий шаҳар“ тарихий-этнографик боғи ҳақида яна бир бор тўхталамиз. Ҳудудда ташкил этилаётган маданий тадбирдан фотолавҳалар ҳавола этамиз.
“Боқий шаҳар”га ташриф буюрувчиларни ҳайратга солувчи жиҳатлар талайгина. Хусусан, Афросиёб деворларида сақланиб қолган Сўғд давлати ҳукмдорининг бир қатор мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросими тасвирларидан фойдаланилганлиги кўпчиликка қизиқ.

Қадимий бозор, мамлакатимизнинг барча ҳудудларига хос қирқта ҳунармандлик устахонаси ташкил этилгани эса мажмуанинг яна бир устун томони. У халқимизга хос қадриятларни намоён этади. Унда уста-ҳунармандлар ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, заргарлик, гилам тўқиш каби фаолият юритади.

– Ўзим фаол тадбиркорман, мамлакатимизда ишбилармон аёлларга яратилаётган шароитлардан самарали фойдаланаётганлардан бириман, – дейди шу ердаги устахоналардан бирида фаолият юритувчи ҳунарманд Саодат Низомова. – Мажмуа мамлакатимизда сайёҳлик йўналишини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Ўзимиз шаҳрисабзликмиз. Бу ерда Қашқадарё каштачилиги анъаналарини намойиш қиламиз. Маҳсулотларимизга қизиқадиганлар жуда кўп. Замонавий технологиялар даврида мана шундай қўл меҳнати сингган, меҳрингиз қўшиб ясалган буюмларга талаб юқори. Ўзим тўртинчи авлод каштачиман. Бу йўналишларга эътибор жуда пасайиб кетган вақтларни ҳам кўрдик. Ҳозир ҳаммаси бошқача. Биз бу маданиятимизни нафақат чет элликларга тарғиб қилиш, балки фарзандларимизга ҳам сингдириш йўлида ҳаракат қиляпмиз. Бугун юртимиз туризм соҳаси имкониятлари ошиб, қадриятларимиз дунёга чиқяпти. Жаҳондаги кўплаб кўргазмаларда иштирок этишимизга шароитлар бўляпти. Бундан, албатта, мамнун бўламиз.

Дарҳақиқат, бу ерга юқори мартабали меҳмонлар ҳам кўп келишади. Улар халқимизнинг бой маданий меросини акс эттирувчи кўргазмалар, ҳунармандчилик ва амалий санъат намуналари билан танишади. Рақс жамоаларининг чиқишларидан иборат маданий дастурларни томоша қилишади.

Эслатиб ўтамиз кеча, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов биргаликда ушбу тарихий-этнографик боғи ҳудудида ташкил этилган маданий тадбирларда иштирок этди.
[gallery-22986]
Икром АВВАЛБОЕВ,
Рустам НАЗАРМАТОВ(сурат),
ЎзА мухбирлари