Бугун Геология фанлари университетида “Ўзбекистонда геологик ахборотлар ва геологик хавфли жараёнларни бошқаришнинг яхлит тизимини яратиш” мавзусидаги қўшма грант лойиҳаси бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Геология фанлари университети, “Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти”, “Ер қаъридан фойдаланиш маркази” давлат муассасалари ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), Корея минераль ресурслар бўйича конларни қайта тиклаш корпорацияси (KOMIR), Корея геология ва минераль ресурслар институти (KIGAM) ҳамда “SOAM Corporation” вакиллари иштирок этди.
Унда “Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти” давлат муассасаси директори Ғани Бимурзаев, Корея минераль ресурслар бўйича конларни қайта тиклаш корпорацияси директори Сунбек Банг ва бошқалар томонлар ўртасида мазкур лойиҳани амалга ошириш ушбу йўналишлар равнақига хизмат қилишини таъкидлади.
Бугунги кунда Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорларига мувофиқ, “Рақамли геология тизимини яратиш ва ривожлантириш”, “Рақамли геология” тизимини яратиш доирасида электрон геологик маълумотлар базасини шакллантириш ва замонавий дастурий таъминотларда фойдаланишни таъминлаш, рақамли геологик ахборотлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
“Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти” давлат муассасаси директори Ғани Бимурзаевнинг сўзига кўра, Ўзбекистон ва Жанубий Корея давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик тоғ-кон саноати ва геология соҳаларида ҳам мустаҳкамланиб бормоқда.
[gallery-22982]
– Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ўртасидаги 2024 йил 11 ноябрда имзоланган ўзаро муҳокама баённомасига асосан 2025-2029 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистонда фойдали қазилмалар ва хавфли геологик жараёнлар учун интеграциялашган бошқарув тизимини яратиш” мавзусидаги грант лойиҳасини татбиқ этиш ишларининг бошланиши ҳам бунга яққол мисолдир. Мазкур грант лойиҳаси 2 та йўналиш бўйича амалга оширилади. Биринчи йўналишда хавфли геологик жараёнларни мониторинг қилиш тизими замонавий масофадан ўлчаш асбоб-ускуналари билан жиҳозланади ва таҳлилий ахборот тизими яратилади. Бунда Ангрен тоғ-кон саноати ҳудуди мисолида мазкур тизимни жорий этиш орқали геологик жараёнлар ҳақида аниқ ва ўз вақтида маълумот олиш имконияти пайдо бўлади. Лойиҳани амалга ошириш туфайли хавфли геологик жараёнлар йўналиши тўлиқ рақамлаштирилади ва геология ахборот тизими билан интеграция қилинади. Иккинчи йўналишда Давлат геология фондидаги электрон нусхаси яратилган ҳисоботлар тўлиқ рақамлаштирилади, шунингдек, геологик хариталар рақамли GIS форматига ўтказилади. Лойиҳа сабабли мазкур фонднинг рақамли маълумотлар базаси шакллантирилади, – деди Ғ.Бимурзаев.
Тадбирда таъкидланганидек, лойиҳадан кўзланган мақсад геологик маълумотларни бошқаришнинг ягона тизимини яратиш ва тўлиқ рақамлаштириш ҳамда хавфли геологик жараёнлар йўналишини рақамли модернизация қилишдан иборат. Ушбу ташаббус доирасида Ўзбекистон ва Корея давлатларида ихтисослаштирилган махсус ўқув семинар-тренинглари ташкиллаштирилади. Бунинг натижасида рақамлаштириш йўналиши бўйича малакали мутахассислар тайёрланади.
Лойиҳа Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Геология фанлари университети, “Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти”, “Ер қаъридан фойдаланиш маркази” давлат муассасалари ҳамда Жанубий Кореянинг KOICA, KOMIR, KIGAM, SOAM ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
Корея минераль ресурслар бўйича конларни қайта тиклаш корпорацияси директори Сунбек Банг ўз сўзида томонлар ўртасида алоқалар тоғ-кон саноати ва геология соҳаси ривожида муҳим эканини қайд этди.
– Шу вақтгача кадрлар салоҳиятни оширишни семинарлар ва халқаро конференциялар орқали амалга оширган эдик. Бугунги тадбир туфайли биз ушбу ташаббусни яқиндан ўрганиш имкониятига эга бўлдик. Мен ишонаманки, ушбу лойиҳа орқали Ўзбекистон ва Корея ўртасида геологик ресурслар соҳасидаги ҳамкорликни янги, янада юқори босқичга олиб чиқишимиз мумкин. У геологик хавфли жараёнларни бошқариш ва минераль ресурслар бўйича маълумотлар базасини яратишни назарда тутади. Биз бу жараёнда Ўзбекистоннинг маъмурий самарадорлигини сезиларли даражада оширишини ҳисобга оламиз, – деди у.
Тадбир якунида мазкур лойиҳа бўйича амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА