Бугун "Ўзэнергоинспекция"да Корея ва Япония ташкилотлари ўртасида чиқиндиларни қайта ишлаш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича учрашувлар бўлиб ўтди.
Хусусан, Кореянинг “Hyundai Heavy Industries Power Systems Co., Ltd.” (HPS) ва Korea Institute for Climate Change (KICC) ташкилотлари вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида Фурқат шаҳарчасидаги полигонда сақланаётган маиший чиқиндиларни қайта ишлаш орқали электр ҳамда иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш имкониятлари муҳокама қилинди.
Айтиб ўтилганидек, мазкур жараён “waste-to-energy” чиқиндидан энергия олиш технологияси асосида амалга оширилиши кўзда тутилган. HPS компанияси шу мақсадда CFBC (Circulating Fluidized Bed Combustion) айланувчи қизигaн қатламда ёқиш технологиясини таклиф этди. Бу технология турли хил ёқилғилар, айниқса, маиший чиқиндиларни самарали ёқиш, кам чиқинди чиқарилиши, барқарор ишлаш ҳамда маҳаллий ёқилғи ресурсларидан фойдаланиш орқали харажатларни камайтириш имконияти билан ажралиб туради. Томонлар мазкур инновацион ечимни Ўзбекистонда синов тариқасида жорий этиш масаласини муҳокама қилди.
Шунингдек, "Ўзэнергоинспекция" ва Япониянинг “Energy Conservation Center” ҳамда JICA ташкилотлари ўртасида энергия аудити соҳасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан учрашув ўтказилди.
Мазкур мулоқот доирасида энергия аудити бўйича ташкил этиладиган тренингга тайёргарлик ҳолати, унинг мазмуни ва ташкил этиш тартиби муҳокама қилинди. Учрашувда Ўзбекистонда энергия аудити бўйича амалдаги ҳолат, мавжуд имкониятлар ҳамда халқаро тажрибаларни жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Япониялик мутахассислар ўз мамлакатларида энергия менежерлари ва энергия аудиторларни тайёрлашда фойдаланиладиган ўқув материаллари ҳамда тренинг доирасида амалий машғулотлар учун мўлжалланган вазифаларни тақдим этди.
“Ўзэнергоинспекция”нинг энергия самарадорлик департаменти бошлиғи Фаррух Ҳалимовнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда дунёда барқарор ривожланишнинг энг муҳим йўналишларидан бири – бу энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳисобланади.
– Шу нуқтаи назардан, Корея ва Япония ташкилотлари билан амалга оширилаётган ҳамкорлик лойиҳалари Ўзбекистон учун улкан имкониятларни яратади. Жумладан, чиқиндиларни энергияга айлантириш бўйича кореялик мутахассислар таклиф этган CFBC технологияси нафақат энергия ишлаб чиқаришда, балки экологияни яхшилашда ҳам самарали восита бўла олади. Бу лойиҳа биз учун жуда қизиқарли, чунки бугунги кунда чиқиндилар муаммо эмас, аксинча, ресурс сифатида кўрила бошланди. Агар ушбу технология юртимизда синовдан муваффақиятли ўтса, уни кенгроқ жорий этиш имкони туғилади. Шу билан бирга, япониялик ҳамкорлар билан ўтказилган учрашувда энергия самарадорлиги ва энергия аудити соҳасида халқаро тажрибаларни ўрганиш имконияти яратилди. Улар томонидан тақдим этилган ўқув дастурлари ва амалий топшириқлар мутахассисларимиз учун катта тажриба мактабига айланади. Умуман олганда, ҳам чиқиндиларни қайта ишлаш орқали энергия ишлаб чиқариш, ҳам энергия аудити соҳасидаги ислоҳотлар мамлакатимизда барқарор, иқтисодий самарали ва экологик тоза энергетика секторини ривожлантиради, – деди Ф Ҳалимов.
Учрашувларда қайд этилганидек, ушбу халқаро ҳамкорлик лойиҳалари Ўзбекистонда энергия самарадорлигини ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва илғор хорижий тажрибаларни амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
--0--