Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиевнинг қайд этишича, ерлардан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш умуммиллий аҳамиятга эга бўлган устувор вазифалардан биридир.
Глобал миқёсда ҳар йили 7-8 миллион гектар ҳосилдор ерлар деградацияга учрамоқда. Ўзбекистонда айрим ҳудудларда гумус миқдори 40 -50 фоизгача камайган. Бу эса, тупроқнинг биологик фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Дунёда 1,3 миллиард гектардан ортиқ ер майдони деградацияга учраган. Шунингдек, дунё бўйлаб ҳар йили 24 миллиард тонна ҳосилдор тупроқ йўқолмоқда. Бу эса, озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётир.
Халқаро Ер куни муносабати билан “Ерлар деградациясига қарши курашишнинг интенсив ва инновацион ечимлари, ер ресурсларидан фойдаланишни рақамлаштириш” мавзусида ташкил этилган халқаро илмий-амалий анжуманда юқоридаги каби муаммолар ечимига эътибор қаратилди.

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан Ер муносабати билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ТошДАУ, ЎзМУ билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, олимлар иштирок этди.
Иштирокчилар ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш зарурлигига эътибор қаратди. Аграр соҳада инновацион технологияларни кенг жорий этиш, сунъий интеллект, рақамли мониторинг усулларидан фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, сув тежовчи технологияларни кенгайтириш асосий вазифалардан бири эканлиги таъкидланди. Халқаро ҳамкорликни кучайтириш, илм-фан ва тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш деградацияга учраган ерларни қайта тиклашда муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳам айтиб ўтилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллионга яқин кўчат экилиб, чўлланиш ва шамол эрозиясини камайтириш чоралари кўрилаётгани эътиборга лойиқлиги эътироф этилди.
БМТ ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда чўлланиш жараёнларини камайтириш ва барқарор агроэкотизимлар яратиш лойиҳалари амалга оширилаётгани халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланди.
Жорий йилда мамлакатимизда экологик барқарорликка эришиш, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, тармоқ ва соҳаларнинг уйғун “яшил трансформацияси”ни амалга ошириш, иқтисодий ўсишнинг янги “яшил ривожланиш” моделига ўтиш бўйича кўплаб муҳим вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Тадбирда ерларни ҳимоя қилиш ва улардан самарали фойдаланиш, деградациянинг олдини олишга оид илмий асосланган таклифлар билдирилди.
Н.Абдураимова, ЎзА