“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан “Менинг бизнесим” ва “Менинг буюртмам” лойиҳаларининг тақдимот маросими ўтказилди. Унда банк Бошқаруви раҳбарияти, ҳамкор ташкилотлар, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда қайд этилишича, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва 2020 йил 12 майда қабул қилинган “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси” банк тизимидаги туб ўзгаришларга дастуриламал бўлмоқда. Бу аҳолига таклиф этилаётган банк хизматлари қулайлиги ва оммабоплиги, замон талабларига мослиги, хусусан, рақамли ва онлайн хизматлар кўлами ошиб бораётганида яққол акс этмоқда.
“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ республикадаги етакчи молия муассасаларидан бири сифатида замонавий хизматларни жорий қилиш орқали мижозлар ишончини қозонишга ва молия бозорида мустаҳкам ўрин эгаллашга интилмоқда.
Ҳозирда KPMG халқаро компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган банкнинг 2024-2026 йилларга мўлжалланган стратегияси изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Чакана бизнес моделини ривожлантириш ва даромадлилик кўрсаткичларини ошириш банкнинг асосий стратегик мақсадларидан бири саналади.
Кенг жамоатчиликка тақдим қилинган “Менинг бизнесим” ва “Менинг буюртмам” инновацион ечимлари мазкур мақсадга эришишда дадил қадамдир. Тақдимот маросимида мазкур янги лойиҳаларнинг аҳамияти ва афзалликлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
“Менинг бизнесим” – бу ўзини ўзи банд қилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун яратилган ноёб рақамли платформадир. Мазкур платформада тадбиркорлик фаолиятини расман бошлаши учун ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш, расмий даромадга эга бўлмаган, ўз касбини устаси бўлган фуқароларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ёки ривожлантириши учун кредитлар олиш имконияти мавжуд. Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолияти, яъни бўёқчи, электрик, тикувчи, устачилик, сантехник ва бошқа шу каби ўз хизматларини аҳолига онлайн тарзда таклиф этиш, меҳнат стажини расман юритиш орқали келажакда ижтимоий нафақаларга эга бўлиш каби муҳим имкониятлар яратилди.
Бундан ташқари, барча мобил иловалар каби кунлик эҳтиёжларни қондириш учун барча хизматлар мавжуд. “Менинг буюртмам” лойиҳаси ҳам ҳар бир юртдошимиз учун қулайликлар яратиши билан алоҳида аҳамиятга молик. Зеро “Менинг буюртмам” – бу мижозлар ва ўзини ўзи банд қилган хизмат кўрсатувчилар ўртасидаги қулай рақамли воситачидир. “Менинг буюртмам” иловаси орқали, ҳар қандай хизмат кўрсатувчиларни, усталарни тез ва осон топиш имконияти, ўз локацияларини кўрсатган ҳолда белгиланган нарх асосида идентификациядан ўтган усталарни жалб қилиш мумкин.
Шу билан бирга илгари фойдаланган истеъмолчилар томонидан қолдирилган изоҳлар таҳлили асосида усталарни танлаш, жалб қилинаётган усталарнинг рейтингини таҳлил қилиш имкониятлари яратилган. Бу иловада касблар ва соҳалар бўйича хизматлар каталоги мавжуд ва ундан 24/7 режимида фойдаланиш мумкин.
Шунингдек, хизматлар учун буюртма бериш, геолокация асосида энг яқин хизмат кўрсатувчини топиш имкониятлари мавжуд. Фойдаланувчиларга чат орқали тезкор алоқани амалга ошириш имконияти ҳам яратилган. Ҳар бир хизмат кўрсатувчи учун “қайта алоқа” ўз фаолиятини такомиллаштириб боришнинг муҳим шартидир. Шундан келиб чиққан ҳолда, мазкур лойиҳа рейтинг ва фикр-мулоҳазалар тизимини ҳам ўзида мужассам этган.
Тақдимот маросимида спикерлар томонидан “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБнинг истиқболдаги режалари ва татбиқ этилиши мўлжалланаётган янги инновацион лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА