Сўнгги йилларда Ўзбекистонда рақамли трансформация жараёнлари изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бу нафақат ижтимоий-иқтисодий соҳаларда, балки энергетика тизимида ҳам инновацион ёндашувларни жорий этишга замин яратди.
Хусусан, гидроэнергетика тармоғида рақамлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг кўламда татбиқ этиш орқали бошқарувда шаффофлик, хавфсизлик ва оперативликка эришиш имкони туғилди.
Бугунги кунда ушбу ўзгаришлар гидроэнергетика соҳасини ҳам қамраб олган бўлиб, соҳадаги корхоналарнинг иш самарадорлигини ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва замонавий бошқарув механизмларини жорий этишга хизмат қилмоқда.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан соҳада рақамли ечимлар босқичма-босқич жорий этилаётгани алоҳида эътироф этилади. Хусусан, жамият тасарруфидаги 70 дан ортиқ гидроэлектр станциялари ва сув омборларини ягона назорат тизимига боғловчи Ягона вазиятлар маркази фаолияти алоҳида аҳамият касб этмоқда.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ рақамлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бошқармаси бошлиғи Қобил Икромовнинг таъкидлашича, мазкур марказ орқали гидроиншоотлар ҳолати реал вақтда мониторинг қилинади, электр энергияси ишлаб чиқариш жараёнлари автоматик равишда бошқарилади ҳамда техноген ва технологик ҳолатлар доимий назорат қилиб борилади.
– Бугунги кунда Ягона вазиятлар маркази синов тариқасида ишга туширилган. Негаки, тизимда рақамлаштириш жараёнлари давом этмоқда. Эътиборлиси, марказлашган АСКУЭ тизими билан интеграция туфайли бутун маълумотлар оқими тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда кузатиб бориляпти. Айни пайтда жамиятга қарашли 5000 дан зиёд технологик қурилма ва компьютер замонавий дастурий таъминот ҳамда назорат-ўлчов ускуналари ёрдамида ягона тизимга уланган. Бу эса ҳисоботларни аниқ ва тезкор шаклда тайёрлаш, инсон омилисиз таҳлил ва бошқарувни таъминлаш имконини бермоқда. Шунингдек, гидроиншоотлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида автоматлаштирилган диагностика ва ахборот тизимлари жорий этилди. Италиянинг “SISGEO” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган замонавий датчиклар ёрдамида сув омборлари ва гидротехник иншоотларнинг техник ҳолати доимий равишда кузатиляпти. Бу эса муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади, – деди Қ.Икромов.
Шу билан бирга, Германиянинг Ер тадқиқотлари маркази билан ҳамкорликда “MODSNOW” дастури амалиётга жорий қилинган. Ушбу дастур ёрдамида сунъий йўлдош маълумотлари асосида қор захиралари ва сув манбаларининг ҳажми аниқ ҳисоблаб борилади.
Қобил Икромовнинг сўзларига кўра, мазкур технология сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва келгусидаги эҳтиёжларни илмий асосда башорат қилиш имкониятини яратмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/IF0GYNFZYkE" title="Yagona vaziyatlar markazi ishonchli boshqaruvni ta’minlamoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шундай қилиб, гидроэнергетикадаги рақамлаштириш жараёнлари нафақат иш самарадорлигини оширмоқда, балки хавфсизлик, шаффофлик ва замонавий бошқарув имкониятларини ҳам мустаҳкамламоқда.
Н.Зиёдуллаева, Д.Ёқубов,
А.Аҳмедов (видеомонтаж), ЎзА