Дунё узра ҳукм сураётган глобаллашув – минг йиллик қадриятларни, тамойилларни, талабларни, мазмун-моҳиятини, мақсад-муддаони ўзгартириб юбормоқда. Аёвсиз ўз домига тортмоқда.
Тўғри, бу жараёнлар аста-секинлик билан очиқча ёки яширинча замонавий ахборот-технологиялар кўмагида амалга оширилмоқда. Бунинг нимаси ажабланарли демоқчи бўлганларга шошилмасликни маслаҳат берардим.
Унутмаслигимиз керакки, қадриятларнинг йўқолиб бориши замирида миллатни ўзлигидан узоқлаштиришдай ёвуз мақсад ётибди. Бу ўринда “ётибди” сўзини биз шартли равишда қўллаяпмиз. Аслида у ётгани йўқ. Аллақачон ўрнидан турган, юряпти, ҳатто югуряпти.

Бир пайтлар зиёли сўзининг салмоғи жуда баланд эди. Бу сўз тарозида оғир келарди. Тош босарди. Масъулияти бор эди.
Менинг назаримда, жамиятда зиёлидан баланд қатлам бўлмасди. “Зиёли инсон”, “зиёли оилада туғилган”, “зиёлилар авлодидан”, “етти пушти зиёли бўлган...” деган мартабалар чуқур ҳурмат билан, эҳтиром ила эътироф сифатида ишлатилар эди. Жамият аъзоларининг ҳурмат қиладиган қатлами ҳам зиёлилар эди.
Зиёлилар тўрга чиқарилар, зиёлиларга биринчи бўлиб салом берилар, зиёлилар билан кўришишга интилишар, зиёлилар билан мулоқот қилиш, алоқа ўрнатиш, яқин муносабатда бўлиш катта бахт ҳисобланарди.
Зиёли деганда яқин вақтларгача кўз ўнгимизда давлат намояндалари, ўқитувчи, профессор, шоир, ёзувчи, журналист, олим, маданият ва санъат фидойилари намоён бўларди.
Минг афсуски, бугун биз юқорида таъкидлаган касблар мавжуд. Лекин зиёлиларимиз сафи тобора қисқариб, сийраклашиб бораётгани ҳам бор гап.
Бугун биз тарғибот қилаётган, меросини ўрганаётган жадидларимиз ҳам аввало, зиёлилар қатлами, зиёлилар синфи эди.
Жадидлар бундан бир асрдан кўпроқ вақт илгари айтган фикрлар, илгари сурган ғоялар нима учун бугунги кунларимизда ҳам долзарб, ўз аҳамиятини йўқотмаган?
Жадидларни дор остига етаклаган ҳам аслида мана шу ўлмас фикрлар эди.
Зиёли бўлишнинг масъулияти қанчалар улканлигини ҳис этяпмизми? Менинг фикримча, йўқ.
Глобаллашув, қолаверса, бозор иқтисодиёти зиёлиларни эгаллаб турган истеҳкомларидан ортга чекинишга мажбур қилди. Бунинг оқибатида зиёлиларимиз нима йўқотганлигини билмадим-у, жамият, миллат кўп йўқотди ва бу зарарлари ҳали-ҳамон давом этмоқда.
Зиёлилаларга нисбатан ҳурмат ўрнини ачиниш, эъзоз ўрнини камситиш эгаллаб олди.
Зиёлилар борасида бу жамиятнинг мудҳиш хатоси бўлса, зиёлиларнинг ўзи ҳам мавқеини жанг-у жадалсиз топшириб қўйди.
Зиёлилар қатлами жамиятга нима учун керак?
Зиё бу – ҳавомас, бу нон ҳам эмас, қоринни тўйдирмайди.
Зиё бу – тафаккур. Зиё – бу маърифат. Зиё бу – маънавият. Энди мана шу тамойилларсиз қолган жамиятнинг аҳволини тасаввур қилаверинг…
Ҳатто ўйлаш хавотирли. Оқибати эса ўта хавфли...
Зиёлини икки қаноти бор. Бири маърифатпарварлик, иккинчиси эса ватанпарварликдир.
Биз ҳаёт ташвишларига ўралашиб қолиш натижасида мана шу муқаддас туйғуларни йўқотиб қўймадикми? Унутиб қўймадикми? Зиёли аждодларимизнинг буюк маслаги бўлган миллатпарварликдан узоқлашмадикми?
Зиёлиликнинг талабларини, масъулиятларини ҳис этсак, у қанчалик залворли, машаққатли ном эканлигига иймон келтирамиз.
Миллат қачон юксалади, қачонки зиёлиси уйғоқ, фидойи бўлса, бепарво бўлмаса. Миллат ўшанда юксалади, тараққий этади.
Мактаб муаллими ўзини зиёли деб ҳисобласа, миллатнинг болаларига виждонан билим, тўғри тарбия беради. Болалигидаёқ онг-тафаккурини очади, илм ўргатади. Мабодо бунинг тескариси бўлса-чи? Ўзингиз айтинг, бундай ўқитувчини зиёли деб бўладими?
Университет профессори талабаларни яхши ўқитмаса, ўзи мансуб бўлган фандан мактаб яратмаса, шогирдлар тайёрламаса, бундай домлани ватанпарвар деб бўладими?
Бугун мана шу талабларни мамлакатларнинг зиёли қатлами олдига қўйиш вақти келмадими?
Муаллимларимиз, домлаларимиз қандай масъулият олдида турганликларини билишадими? Фақатгина, ўз манфаатимиз доирасида ҳаракатланаётганлигимиздан тонамизми? Манфаатлар тўқнашуви деган тушунчани жуда тор маънода англамаяпмизми? Гарчи аччиқ бўлса ҳам, бир ҳақиқатни айтмоқчиман: фан номзоди, фан доктори, доцент, профессор бўлиш дегани бу олимлик ёки зиёлилик эмас. Ҳақиқий олим, зиёли аввало, миллат ва мамлакат ғами билан яшайди. Ватани, миллати, тақдири учун куюнади. Ўз манфаатини Ватан, миллат манфаатидан устун қўймайди. Бу каби фазилатга эга бўлган шахсларни олим, зиёли деб атаса бўлади.
Бир олим миллатни, мамлакатни машҳур қила олади. Қачонки, у тўла маънодаги зиёли бўлса.
Ватанпарвар бўлмаган ўқитувчи, профессор, тарбиячи аслида жамият учун жуда катта хавф-хатар. Ўзи ватанпарвар бўлмаган тарбиячи, профессор-ўқитувчи жамиятга ватанпарвар бўлмаганларни етиштириб беради. Бунинг оқибатини эса тасаввур қилиб кўраверинг.
Энг аввало, бу миллат озодлиги, мамлакат мустақиллиги учун таҳдид, таҳлика. Бунинг оқибатини ўйлашнинг ўзи даҳшат.
Ватанпарварларсиз ватаннинг, миллатпарварсиз миллатнинг, зиёлиларсиз халқнинг келажагини башорат қилишнинг ўзи қўрқинчли.
Зиёли ватанпарвар бўлмаса, зиёлиман дейишга ҳаққи йўқ. Бу мақомни, мартабани кўтариш учун, аввало, зиёлининг юрагида Ватан бўлиши керак.
Жадидлар ҳақида ўйлаганимда ҳайратим ошиб бораверади. Жадидлар ўз маблағлари ҳисобидан мактаб очган, театр ташкил қилган. Газета, журнал, китоблар чоп этган. Босмахоналар олиб келган. Ёшларни хорижга юбориб ўқитган. Энг эътиборлиси, бу ишларни улар жуда катта қарама-қаршилик ичида амалга оширган. Бу йўлда нафақат молини, балки жонини ҳам тиккан.
Жадидлар отаси ҳисобланган самарқандлик Маҳмудхўжа Беҳбудий мактаб ўқувчилари учун турли фанлардан қатор дарсликлар яратган. “Аҳоли географиясига кириш”, “Қисқача умумий география” каби дарсликлари бизгача етиб келгани ва ўз илмий қийматини йўқотмагани фикримиз далили бўла олади.
Беҳбудий нима учун бу ишга жазм қилган? Бунинг сабаби кундай равшан: мактаблар учун дарсликлар йўқ бўлгани ёки борлари ҳам замон талабларига жавоб бермагани учун бу машаққатни ўз зиммасига олган.
Биз-чи? Бугун биз нима қиляпмиз? Давлат қуриб берган мактабда, давлат берган маошни олиб, халқнинг боласини яхши ўқитмасак, олий мактабда мутахассислар эмас, номигагина дипломлиларни тайёрласак. Болаларимизни умрини, вақтини беҳуда ўтказсак инсофдан бўладими?
Инсоф билан айтганда, профессор-ўқитувчи олаётган ойлик 2016 йилдан кейин камида ўн баробар оширилди. Ўқитувчи, домланинг бўйнидаги бўйинтуруқ бўлган мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам берилди. Илм ўрганишга, илм ўргатишга барча имкониятлар яратилди. Ўзбекистоннинг эшиклари дунёга, дунё дарвозалари Ўзбекистонга бутунлай очилди. Замонавий лабораториялар, технологиялар муҳайё қилинди...
Президент ва давлат яна нима қилиб бериши керак бизга?
Қачон зиёлининг бош мақсади, бурчи бўлган маърифатпарвар, ватанпарвар бўламиз?
Табиий бойликлар қанчалик кўп, мамлакат ҳудуди чексиз бўлса-да, зиёли уйғоқ, зиёли масъулиятни ҳис қилмаса ҳаммаси бекор.
2016 йилдан бошлаб, Президент Шавкат Мирзиёев зиёлининг қадрини, қаддини тиклаш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қиляпти. Зиёлининг ҳурматини, мавқеини мустаҳкамлаш бош мақсадга айланган. Лекин зиёли қатламнинг ўзи-чи, буни ҳис этаяпмизми?
Мамлакат ва миллат олдидаги вазифаларимизни англаймизми? Президент ва давлат бизга кўрсатаётган ғамхўрликка жавоб беряпмизми? Зиммамизда жуда катта юк борлигини ҳис этамизми? Бугун зўр бериб гапираётган жадидларимизга муносибмизми? Ёшларимизга ўрнак бўляпмизми? Ватанпарварлик деган бир илмни фарзандларимизнинг онгига сингдиряпмизми? Талаб қилиш билан бирга фидойимизми? Виждонимиз олдида жавоб бера оламизми? Аждодларимиз олдида-чи? Келгуси авлодлар олдида-чи?
Мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлашни олдинги сафларда зиёлилар бўлиши керак. Миллатнинг маърифатли, маданиятли бўлиши йўлида энг фидойи инсонлар зиёлилар бўлиши керак.
Фақат зиёлиман дейишнинг ўзи етарли эмас. Сизнинг зиёли эканлигингизни жамият ҳис қилиши, жамоатчилик тан олиши, эътироф этиши керак.
Бугун давлатимиз раҳбари, миллат ва мамлакат зиёлиларнинг уйғонишига, зиёлилар қатламининг шаклланишига, билими ва қудратига, фидойилигига, маърифатпарварлигига, миллатпарварлигига, ўз бурчини чуқур англашига ҳар қачонгидан-да кўпроқ муҳтож.
Мустақиллигимизнинг барқарорлиги, мамлакатимизнинг тараққиёти, миллатимизнинг бирдамлиги йўлида зиёлилар олдинги сафларда бўлиши керак.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.