Орол денгизининг қақраган ҳудудида тобора кенгайиб бораётган саҳрони тўхтатиш, яшил “қалқон”лар барпо этиш бугуннинг энг долзарб масалаларидан бирига айланди.
Мутахассисларнинг фикрича, Оролнинг қуриган тубини ўрмонлаштирмасдан саҳро йўлини тўсишнинг имкони йўқ. Зеро, қумнинг ҳаракат йўналиши беркитилса, қайта-қайта чанг-тўзон кўтарилишига имкон қолмайди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги бош мутахассиси Ҳожимурод Толипов Оролбўйида экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида гапириб берди.
– Оролбўйида экологик хавфсизликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, денгиз қуришининг салбий оқибатларини юмшатиш борасидаги ишлар тўхтагани йўқ, – дейди Ҳожимурод Толипов. – Охирги йилларда Орол денгизининг суви қуриган тубида глобал экологик муаммонинг олдини олиш ва аҳолининг ижтимоий-иқтисодий яшаш тарзини яхшилашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилди.
Хусусан, ўтган йиллар давомида 1 миллион 865 минг гектар майдонда чўл ўсимликларининг уруғи ва кўчатидан “яшил қопламалар” - ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилди. Ушбу барпо этилган ҳимоя ўрмонзорларининг 1 миллион 783 минг гектари чўл ўсимликларининг уруғидан, 82 минг 397 гектари чўл ўсимликлари кўчатидан барпо этилган. Яъни, ўтган давр мобайнида ушбу ҳудудларга 82 миллион дона чўл ўсимлигининг кўчатлари экилган.
Ушбу тадбирлар учун 7,4 минг тоннадан зиёд саксовул ва бошқа чўл ўсимликларининг уруғлари жамғарилган. Шундан, салкам 2 минг тонна уруғ Мўйноқ тумани аҳолиси томонидан тайёрланган.
Ўрмонзорлаштириш ишларини давом эттириш мақсадида йилига 100 гектардан кам бўлмаган ҳажмда саксовул ниҳолхоналари ташкил этилди. Ҳар йили ўртача 1000 тагача техника ва механизмлар, самалёт ва мотодельтаплан жалб этилди ҳамда экиш мавсумларида 2000 нафаргача аҳоли, ишчи-ходим ва механизатор иштирок этди.
Бир пайтлар дунёдаги тўртинчи йирик кўл бўлган Орол денгизининг қуриши энг йирик глобал антропоген экологик офатлардан бири саналади. Мазкур офатга қарши курашиш машаққатли жараён бўлсада, бу фожеа оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи ҳудудини янада ривожлантириш, минтақада ижтимоий ва иқтисодий ҳолатни яхшилаш, биологик хилма-хилликни тиклаш мақсадида олиб борилаётган ишлар кўлами тобора кенгаймоқда. Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни яхшилашга қаратилган ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.
2025 йилда ҳам ушбу тадбирлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА