Тошкентда халқаро илмий ҳамкорликнинг ёрқин намунаси сифатида “Ўзбекистонда ЯТБИ кунлари”нинг тантанали очилиши бўлиб ўтди.
Бугунги кунда Ядро тадқиқотлари бирлашган институти ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар фақат тарихий хотира эмас, балки янги давр талабларига мос илмий ҳамкорлик йўналишлари билан бойимоқда. Шу куни амалга оширилган тадбирлар, маърузалар ва учрашувлар бу ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворга эга эканини яна бир бор тасдиқлади.
22-апрель куни Ўзбекистон Фанлар академиясида эрталабдан илмий муҳит ҳукмрон бўлди – Ядро тадқиқотлари бирлашган институтининг инновацион кўргазмаси ўз эшикларини очди. Бу ерда ядро физикасининг келажагига оид ишланмаларни кўриб, замонавий илмий жозибанинг қандай бўлишини ҳис қилиш мумкин.”
Фанлар академияси биносида ўтказилган очилиш маросимида Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов, Ядро тадқиқотлари бирлашган институти директори Григорий Трубников ҳамда Ядро физикаси институти директори Илҳом Содиқов сўзга чиқдилар.
Улар Ўзбекистон ва ЯТБИ ўртасидаги ҳамкорликнинг тарихий асослари ва истиқболдаги йўналишлари ҳақида фикр билдирдилар.
Очилиш маросимида, энг муҳими, Ядро тадқиқотлари бирлашган институти ва Ўзбекистон Фанлар академияси ўртасида янги ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Бу шартнома икки томонлама илмий лойиҳалар, кадрлар тайёрлаш ва инновацион технологиялар алмашинувини қамраб олади.
Куннинг иккинчи ярмида делегацияси аъзолари Романовский номидаги математика институти, ИТ Парк Университети ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология марказида бўлиб, ихтисослик йўналишлари бўйича учрашувлар ўтказишди.
Делегация аъзолари уч қисмга бўлиниб, Ўзбекистоннинг турли илмий марказларида бўлишмоқда. Бу учрашувлар орқали аниқ фанлар, тиббиёт ва IT соҳаларида янги ташаббусларга йўл очилмоқда.
“Ўзбекистонда ЯТБИ кунлари” нафақат илмий ҳамкорликни мустаҳкамлайди, балки ёш мутахассислар учун янги имкониятлар эшигини очади. Халқаро илмий ҳамкорликнинг ривожланиши эса мамлакатимизда фан ва таълим соҳаларида янги ривожланиш босқичини бошлаб бериши муқаррар.
“Келажакда Ўзбекистонда илмий марказлар очилиши ҳам режалаштирилганми?” мазмунидаги ЎзА мухбирининг саволига юзасидан ЯТБИ директори Григорий Трубников шундай жавоб берди:
“Ўзбекистон атом электр станциясини қуриш бўйича қарор қабул қилди. Бу – мутлақо тўғри ва узоқ муддатли стратегик қарор. Бундай станцияларни фақат профессионал мутахассислар бошқариши керак. Кадрлар тайёрлаш эса – бу биз фаол ёрдам бераётган соҳа.
Шуни таъкидлаш жоизки, атом электр станцияларида ва илмий-изланиш реакторларда фақат энергия ишлаб чиқарилмайди, балки радиодори воситалари ҳам яратилади. Бу махсус фармацевтика йўналиши бўлиб, деярли барча онкологик касалликларга, ҳатто энг оғир ҳолатлар ва метастазларга қарши курашишда ёрдам берувчи дори воситаларини ўз ичига олади. Ҳатто жарроҳлик ёки кимётерапия самара бермаган ҳолларда ҳам бу дори воситалари ёрдам бериши мумкин”.
Шунингдек, институт директори ҳозирда Ўзбекистон Ядро физикаси институти негизида янги авлод радиодори воситалари изотопларини ишлаб чиқаришга қодир лаборатория базаси ривожлантирилаётгани, бу йўналишда ҳамкорликда ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
“Экологик фанларни чуқур тушунган ҳолда, қишлоқ хўжалигини ҳам самарали ривожлантириш мумкин. Атроф-муҳитни ифлослантирувчи манбаларни аниқлаш орқали агрономик иқтисодиётни, яъни агротехнологияларни тўғри режалаштириш имкони яратилади. Бу ҳам биз Ўзбекистон билан ҳамкорликда амалга ошираётган йўналишлардан биридир.
Шунингдек, археология, тарих ва гуманитар фанлар соҳасидаги изланишлар ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Умид қиламанки, яқин йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси ва ҳукуматининг кўмагида университетлар қошида бир нечта илмий лабораториялар ташкил этилади”, дейди у.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1pQPaR8eehU" title=""Inson hayoti uchun muhim radiodori vositalari yaratiladi"" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Григорий Трубников, шунингдек, бугунги талабаларнинг билимга чанқоқлиги, улар ўз малакаларини тез фурсатда оширишни хоҳлашини алоҳида эътироф этди.
“Яхши маошли иш топиш учун фақат назарий билим етарли эмас – амалий кўникмалар ҳам жуда зарур. Университетлар қошидаги лабораториялар айнан шундай кўникмаларни тез ва самарали шакллантириш имконини беради. Бу борада бизда катта режалар, катта истиқболлар бор деб ўйлайман” дейди яна — Григорий Трубников.
М.Эшмирзаева, Д.Якубов, У.Тўхтаев (видео), ЎзА