Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жорий йил биринчи чорагида қанча иш кўриб чиқилди? Кўриб чиқилган ишлар қандай йўналишларда бўлди?
Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов шу каби саволларга жавоб берди:
– Жорий йилнинг биринчи чораги давомида 19 минг 646 нафар шахсга нисбатан 15 минг 681 жиноят иши кўриб чиқилди. 108 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинди. 2 минг 42 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинди. 8 минг 181 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.
Ярашув институти натижасида 3 минг 429 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.
Апелляция тартибида 2 минг 706 нафар шахсга нисбатан 2 минг 64 жиноят иши кўриб чиқилди. 92 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 825 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Кассация тартибида 1 минг 523 нафар шахсга нисбатан 1 минг 330 жиноят иши кўриб чиқилди. 115 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 475 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Тафтиш тартибида 1 минг 598 нафар шахсга нисбатан 1 минг 360 жиноят иши кўриб чиқилди. 46 нафар шахсга нисбатан қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 268 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 286 нафар шахсга нисбатан 240 жиноят иши кўриб чиқилди. 58 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 87 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Жиноят ишларининг аксариятини фирибгарлик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ўғрилик, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятларни ташкил этган.
Н.Абдураимова, ЎзА