Якка тартибдаги қурилишда хусусий назорат тизими жорий этилади, қурилаётган объектнинг QR-кодли паспорти бўлади, қурилиш соҳасида онлайн назорат тизими жорий этилади, алоҳида электрон платформага кадастр ва сув таъминоти маълумотлари интеграция қилинади, қурилиш хавфсизлиги ва сув тизимларининг техник назорати бўйича янги тартиблар – Президент фармонига шарҳ.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ҳар бир фуқаронинг ҳаёти ва фаровонлиги билан бевосита боғлиқ бўлган муҳим соҳалардан бири ҳисобланади. Шу боис, сўнгги йилларда ушбу соҳада тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда, илғор технологиялар жорий этилмоқда ҳамда қурилиш ишларининг сифати сезиларли даражада оширилмоқда.
Ўтган йил юртимизда жами 40 миллион квадрат метрдан зиёд бино-иншоотлар қурилган. Жумладан, 100 мингдан зиёд хонадонга эга 2 минг 44 та кўп қаватли уйлар бунёд этилган.
Бу фақат ижтимоий ёки қурилиш масаласи эмас, балки ҳудудлар иқтисодиётида яна бир драйвер бўлмоқда. Хусусан, мазкур уйларни барпо этишда ва ёндош тармоқларда 350 минг одам иш билан таъминланган. Мебель, электротехника, тўқимачилик, қурилиш материаллари соҳаларида қўшимча 11 триллион сўмлик бозор пайдо бўлган. Иқтисодиётда 73 триллион сўм маблағ айланиб, бюджетга 14 триллион сўм тушган.
Соҳани рағбатлантириш учун 2024 йилда 59 минг одамга 17 триллион сўм ипотека кредити ажратилган. Қурувчи ва девелоперларга айланма маблағ учун жами 3 триллион сўм берилган.

Жорий йилда ҳам бу борадаги ишларни изчил давом эттириш кўзда тутилган бўлиб, 120 минг хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган.
Бу йил уй-жой дастурларини молиялаштиришга бюджетдан 15 триллион 500 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган. Банклар томонидан бунга қўшимча 10 триллион сўм, "Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси" томонидан 2,3 триллион сўм йўналтирилади.
Бунинг ёрдамида 70 мингта хонадоннинг ипотека кредити орқали сотилишига шароит яратилади. Шундан 30 минг хонадон бошланғич бадалига бюджетдан субсидия тўланган ҳолда, даромади юқори бўлмаган оилаларга берилади.
Айтиб ўтилганидек, ҳар бир фуқаронинг ҳаёти ва фаровонлиги билан бевосита боғлиқ бўлган соҳада давлат назоратини самарали ташкил этиш ниҳоятда муҳим. Сўнгги икки йил давомида уй-жой қурилиши соҳасида 5,5 мингдан ортиқ қоидабузарликлар аниқлангани, соҳага бўлган назоратнинг етарли даражада эмаслигини кўрсатади.
Шу нуқтаи назардан яқинда қабул қилинган “Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони айнан шу муаммоларни бартараф этишга хизмат қилувчи муҳим ҳужжат бўлди.
Ҳужжат қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини кучайтириш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлиги, шунингдек, кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш, иссиқлик таъминотидан фойдаланиш, ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш хизматларини кўрсатиш ҳамда улардан фойдаланиш юзасидан таъсирчан давлат назоратини таъминлашни мақсад қилади.
Қуйида фармонда белгиланган асосий чора-тадбирларга тўхталамиз.
Тадбиркорлик субъектлари билан инспекциялар ўртасида шартномавий назорат амалиёти жорий этилади
2025 йил 1 майдан бошлаб, агар тадбиркорлик субъекти билан қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилувчи ҳудудий инспекция ўртасида оммавий оферта шаклида шартнома тузилган бўлса, у ҳолда қурилиш объектларида қисқа муддатли давлат қурилиш назорати шартнома асосида амалга оширилади ва бу назорат "Ягона давлат назорати" ахборот тизимида рўйхатга олинмайди.
Шунингдек, кўп квартирали уйларни бошқариш ва сақлаш қоидалари бўйича назорат ўтказишда хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий фаолиятига – молиялаштириш манбасидан қатъи назар аралашишга инспекцияга қатъиян рухсат берилмайди.
Қурилаётган объектнинг QR-кодли паспорти бўлади
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир қурилаётган объект учун QR-кодли паспорт жорий этилади. Ушбу паспорт орқали қуйидаги маълумотларни кўриш мумкин бўлади: шаҳарсозлик субъектлари, қурилиш муддати, шаҳарсозлик ҳужжатлари (эскиз лойиҳалари) ҳамда тасдиқланган экспертиза хулосалари.
Қурилиш хавфсизлиги ва сув тизимларининг техник назорати бўйича янги тартиблар
Кўп квартирали уйлардаги хоналар ёки ертўлаларни қайта қуриш ва режалаштиришда шаҳарсозлик қоидаларига зид равишда таянч деворлар ёки конструктив қисмларга ўзгартириш киритиш, уларни бузиш, шунингдек бинонинг зилзилага бардошлилигига салбий таъсир кўрсатадиган ишларни бажариш тақиқланади.
2025 йил 1 июлдан бошлаб ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимлари билан боғлиқ барча объектлар мажбурий равишда шартнома асосида технологик аудитдан ўтказилади.
Қурилиш соҳасида онлайн назорат тизими жорий этилади
2025 йил 1 июлдан бошлаб ҳудудий инспекцияларда босқичма-босқич Қурилиш объектларини онлайн кузатиш марказлари ташкил этилади. Тажриба тариқасида 2025 йилда Қашқадарё вилоятида Давлат бюджети ҳисобидан қурилаётган янги объектларга видеокамералар ўрнатилади.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назорати жараёнларида мобил видеокамералар (бодикамералар) ва махсус планшетлардан фойдаланилади. Ушбу қурилмалардан олинган маълумотлар тўғридан-тўғри Қурилиш объектларини онлайн кузатиш марказларига юборилади.
“E-mamuriy ish” ахборот тизимида шаҳарсозлик қонунчилигини бузган шахсларга нисбатан маъмурий чоралар кўриш тартиби соддалаштирилади.
"Қурилишда давлат назорати" электрон платформасига кадастр ва сув таъминоти маълумотлари интеграция қилинади
2025 йил 1 сентябрга қадар “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг “Қурилишда давлат назорати” электрон платформасига қуйидаги маълумотлар интеграция қилинади:
— Кадастр агентлигининг “UZKAD” тизимидаги кўп квартирали уйларнинг умумий фойдаланиш майдони, унга туташ ер участкалари, хонадон эгаси, кадастр рақами ва чизмалар ҳақидаги маълумотлар;
— “Ўзсувтаъминот” АЖ биллинг тизимидаги истеъмолчиларнинг манзили ва сони, сув ҳисоблагичлари кўрсаткичлари, сув сарфи, қарздорлик, оқова сув чиқариш ва янги уланган истеъмолчилар ҳақидаги маълумотлар.
Якка тартибдаги қурилишда хусусий назорат тизими жорий этилади
2025 йил 1 июлдан бошлаб якка тартибдаги уй-жойлар ва кичик нотурар объектларни қуриш ёки реконструкция қилиш жараёнида қурилиш назорати хусусий сектор томонидан амалга оширилади (хусусий қурилиш назорати).
Хусусий қурилиш назоратини қурилиш объектининг лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектура қисмини ишлаб чиққан, лицензияга эга лойиҳа ташкилоти (лойиҳачи) шартнома асосида олиб боради.
Қурилиш тугагач, лойиҳачи “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимида хулоса шакллантириб, буюртмачига тақдим этади.
Қурилган объектлардан фойдаланиш учун рухсатнома туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари томонидан берилади. Агар объект бўйича хусусий қурилиш назорати ўтказилмаган бўлса ёки лойиҳачининг ижобий хулосаси бўлмаса, объект фойдаланишга қабул қилинмайди.
Қуйидагилар хусусий қурилиш назорати объектлари ҳисобланади:
– икки қаватдан юқори бўлмаган (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони (ёрдамчи хўжалик иморатларини ҳисобга олмаган ҳолда) 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойлар;
– қурилиш ҳажми 300 метр кубдан ортиқ бўлмаган нотурар бино ва иншоотлар ҳамда енгил турдаги (конструкцияли) қурилмалар.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси Ҳукумат бўйсунувига ўтказилди
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилди.
Инспекция қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи мустақил республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
Умиджон Қурбонов, ЎзА