Яқинда Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 36-оилавий поликлиника жорий таъмирдан чиқарилиб, ишга туширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда туман ҳокимияти, маҳалла фаоллари ва шифокорлар иштирок этди.
Унда Чилонзор тумани ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев сўзга чиқиб, мамлакатимизда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунда “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг татбиқ этилиши муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этди.
2024 йил “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг иккинчи босқичи доирасида поликлиника жорий таъмирга тушган. Бино 1966 йилда қурилган ва шундан кейин бир маротаба таъмирланган. Бу эса иккинчи жорий таъмир ҳисобланади.
Тадбир доирасида иштирокчилар оилавий поликлиникада яратилган замонавий шароитлар билан танишди.
Чилонзор туманидаги 36-оилавий поликлиника бош шифокори Малика Файзуллаева ЎзА мухбирига интервью берди:
– Жорий таъмирдан сўнг, оилавий поликлиникамиз чиндан кўркам, замонавий ва барча қулайликларга эга тиббий муассасага айланди. Бундан жамоамиз ва аҳолимиз жуда хурсанд. Негаки, неча йиллар давомида поликлиникамиз таъмирланмаган, тиббий жиҳозлар ва ускуналар ҳам анча эскирган эди.
2024 йилда "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси учун овоз беришда фаол иштирок этдик. Шунга асосан, биз мазкур лойиҳада ғолиб бўлиб чиқдик ва 1 миллиард 325 минг сўмлик маблағ ажратилди.
Шундан сўнг қисқа муддатда биномиз жорий таъмирланди. Шу билан бирга, бу ерда барча коммунал хизматлар – электр, иссиқ ва совуқ сув, интернет тармоғи янгиланди. Ҳар бир хона янги мебеллар билан жиҳозланди. Шунингдек, поликлиникамизга янги тиббий ускуналар, масалан, ультратовуш текшируви учун портатив ва стационар аппаратлар, кўз шифокори хонасига янги арфорефрактометр ҳамда оилавий шифокорлар хоналарига электрокардиографлар олинди. Бу, ўз навбатида, касалликларни эрта аниқлаш ва даволашда амалий ёрдам беради.
"Дўстона поликлиника" сифатида махсус болалар майдончасини яратдик. Бу оналар учун ҳам, болалар учун ҳам катта қулайлик. Яъни, оналар фарзандлари билан тиббий кўрикдан ўтган пайтда ёки болалар тиббий кўрик жараёнига мослашиши учун ушбу майдондан фойдаланиш имкониятига эга бўлишди. Бу майдончага тиббий ҳамшира ҳам жалб қилинган.
Шунингдек, физиотерапия бўлими ҳам янги тиббий ускуналар билан таъминланди. “Оналар мактаби” ва “Саломатлик мактаби” хоналари ташкил этилди.
Поликлиникамиз интернет тармоғига уланган ва барча хона компьютер билан таъминланган. Бугунги кунда ҳар бир фуқаро поликлиникага мурожаат қилганда электрон тиббий картадан фойдаланади. Шу тариқа, биз 30 минг 600 аҳолига хизмат кўрсатамиз ва 6 маҳаллани қамраб олганмиз.
Ўйлайманки, ушбу янгилик ва қулайлик туфайли бизнинг шифокор ва ҳамшираларимиз аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда катта муваффақиятларга эришади. Шу муносабат билан Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси, туман тиббиёт бирлашмаси ва Чилонзор тумани ҳокимиятига жамоамиз номидан миннатдорлик билдираман.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/f35fbjY1PXU" title="Yagona vaziyatlar markazi ishonchli boshqaruvni taʼminlamoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.