Тонги соат 6:00. CIPCC дастури доирасида Хитойда бўлиб турган бир гуруҳ журналистлар Пекинда жойлашган DRC (diplomatic residence compound) ҳовлисида йиғилдик. Режа бўйича ХХРнинг Хинан провенцияси, Лоянг шаҳрига 6 кунлик сафарга кетишимиз керак. Автобусда вокзал томон йўл олдик, яна ўша замонавий ва 300 км/с тезликни кўрдим демайдиган тезюрар поездда Лоянг томон отландик.
Нега айнан Лоянг?
Бу савол мени ҳам, бошқа ҳамкасбларни ҳам қизиқтирди ва излай-излай қуйидаги маълумотларни топдим.
Хитойнинг марказий қисмида жойлашган Лоянг шаҳри, қадим тарихга эга бўлиши билан бирга, ҳар йили минглаб сайёҳларни ўзига жалб қиладиган ноёб табиий боғлари билан машҳур. Уларнинг энг машҳури – Лоянг миллий пион боғи бўлиб, бу маскан ҳар баҳор юз минглаб ранг-баранг пион гуллари билан безанади ва томошабинларга гўзалликнинг бетакрор манзарасини тақдим этади.

Дастурнинг биринчи кунида бизни айнан шу боғга олиб боришди. 40 гектардан ортиқ майдонда жойлашган бу боғ гўзаллиги ижодкорман деган одамни илҳомлантириб юборади. Боғда 1,200 дан ортиқ пион навлари мавжуд, уларнинг айримлари 1000 йиллик тарихга эга. Юқорида нега айнан Лоянг деган саволимга яна бир бор жавоб топдим бу ерда. Маълум қилинишича ҳар йили апрель ойида «Лоянг пион фестивали» ўтказилади ва бу тадбир 1983 йилдан бери миллий даражада нишонланади. Фестиваль давомида боғга ўртача 1 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюради.

Миллий пион боғи 2010 йилда Хитойда «Пион пойтахти» мақомини олган ва ҳақиқатда бунга арзирли манзил бу ер.
Ҳар не борки, унинг тарихи бор, бизга бош бўлган боғ ходимининг сўзларига кўра, Пион гуллари Хитойда қадимдан «гуллар маликаси» деб эътироф этилган. Улар нафақат гўзаллик ва нафислик тимсоли, балки садоқат, барака ва обрў-эътибор рамзи ҳисобланади. Танг сулоласи даврида (618–907) пион гуллари илк бор Лоянгда экилган ва бу ер уларнинг ватани сифатида тан олинган. Бугунги кунгача бу анъана давом эттирилмоқда.

Мени яна бир жиҳати эътиборимни тортди бугунги Лоянг миллий пион боғи – бу нафақат гулли манзара, балки рақамли технологиялар, экологик дизайн ва маданий мерос уйғунлигини намоён қилувчи лойиҳа. Боғда QR-кодлар орқали ҳар бир пион тури ҳақида маълумот олиш, дрон орқали умумий кўринишларни томоша қилиш ёки интерактив хариталардан фойдаланиш мумкин.


Лоянг пион боғи Хитойнинг «яшил ривожланиш» тамойилларини ҳаётга татбиқ этган намунавий лойиҳадир. Бу маскан орқали ҳукумат экологик туризмни ривожлантириш, тарихий меросни жонлантириш ва ички туризмни рағбатлантиришга эришмоқда. Айни вақтда, боғ хитойликлар учун миллий ғурур, чет эллик меҳмонлар учун эса маданият дарвозаси вазифасини ўтаётир.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/9b3PUki5qqs" title="Loyangdagi “pion” poytaxti" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нозимбек Мардонов (ХХРнинг Лоянг шаҳридан тайёрлади)