Пойтахтимизда теннис бўйича ўсмирлар ўртасида “J30” таснифига кирувчи “Pakhtakor Cup” халқаро турнири ўтказилмоқда. Унда ҳамюртларимиздан ташқари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва нейтрал мақомдаги теннисчилар ғолиблик даъвосида рақобатлашмоқда.
Мусобақанинг ўғил болалар ўртасидаги яккалик баҳсларида ҳамюртимиз Акмал Абдуллаев дастлабки даврада қозоғистонлик Анатолий Цибулкони 6:1, 5:1 ҳисобида енгиб турган бир вазиятда рақиби ўйинни давом эттиришдан бош тортди. Шу тариқа Акмал иккинчи даврага йўл олди ва нейтрал теннисчи Александр Куницинга қарши кортга чиқадиган бўлди.
Қизлар орасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган Алиса Казимирова илк баҳсини қозоғистонлик Алуа Маратга қарши ўтказди ва 6:2, 6:7, 6:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Шунингдек, Мадинахон Солижонова биринчи босқичда қозоғистонлик Гулден Азаматкизини илк сетда тай-брекда енгган бўлса, иккинчи сетда 6:4 ҳисоби билан ғолиб бўлди.
Жуфтликлар ўртасида Нигина Алимова ҳамда Фотима Маҳмудова тандеми Татьяна Иванова Сагинбаева (Қозоғистон) ва Сезим Сагинбаева (Қозоғистон) дуэтини 7:5, 6:3 ҳисобида таслим этди. Шаҳноза Ортиқбоева ҳамда Самира Қўзиева эса қозоғистонлик теннисчилар Медина Отепберген ва Анастасия Силантьева ҳар иккала сетда бир хил 6:3 ҳисобида доғда қолдирди.
Айни дамда “Pakhtakor Cup” халқаро турнирида яккалик ва жуфтлик йўналишида биринчи давра ўйинлари давом этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА