Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди. Унда ёзилишича, Жаҳон банкининг Давлат молиясини бошқариш бўйича халқаро ҳамкорлик таълим дастури – PEMPAL (Public Expenditure Management Peer Assisted Learning) томонидан Ўзбекистонда давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит тизимини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар “муваффақиятли амалиёт” сифатида эътироф этилди.
Республикада ички аудит фаолиятига халқаро стандартлар, сертификатлаш ва баҳолаш каби замонавий механизмларни жорий этиш натижасида мамлакатимизнинг бу соҳадаги тажрибаси халқаро экспертлар томонидан юксак баҳоланди. Шу боис, мазкур амалиёт PEMPAL расмий веб-сайтида алоҳида мақола сифатида чоп этилди.

Қайд этиш жоизки, PEMPAL 2006 йил ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Европа ва Марказий Осиёдаги 23 мамлакат давлат молиясини бошқариш ва ички аудит соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар учун билим ва тажриба алмашиш платформаси сифатида фаолият юритади. Ташкилот ўз ишини бюджет, ғазначилик ва ички аудит йўналишлари бўйича ташкил этилган алоҳида ҳамжамиятлар орқали амалга оширади.
Шунингдек, PEMPAL томонидан жорий йилнинг 25-27 март кунлари Австриянинг Вена шаҳрида “Давлат молиясини бошқаришнинг келажаги: стратегик мувофиқлик ва инновацион ечимлар” мавзусида ташкил этилган умумий ялпи йиғилишда ҳам Ўзбекистон тажрибаси ижобий баҳоланди. Анжуманда Ўзбекистон, Албания, Грузия ва Молдова мамлакатлари замонавий тажрибаларни самарали жорий этаётган илғор давлатлар сифатида қайд этилди.
Аҳамиятлиси, ички аудитни такомиллаштиришдаги бундай халқаро эътироф мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро стандартлар ва илғор тажрибаларга мос келаётганини тасдиқлайди. Шу билан бирга, бу келгусида белгиланган вазифаларни самарали амалга оширишга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА