Ватанимиз тарихидаги 22 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1868 йил (бундан 157 йил олдин) – Оренбург ва Ғарбий Сибир божхона тизимлари фаолияти кўриб чиқилиб, Европа товарларининг Ўрта Осиё хонликларига кириб келишига чек қўйиш мақсадида Сирдарё вилояти божхона идораси ташкил этилди. Янги чегаралар бўйича товар олиб кириш ва уни ташқи ўлкаларга олиб чиқиш 1867 йилги қоидалар асосида олиб борилар эди. Фақатгина чет эллик, хусусан, осиёлик савдогарлардан энди бож йилда бир марта эмас, ҳар товар олиб кирганда олинадиган бўлди. Ўлканинг бошқа ҳудудларида ҳам Россия империясининг солиқлар тўғрисидаги қонунларига кўра, савдо ва саноат соҳасида божхона тизими ўрнатилди.
1912 йил (бундан 113 йил олдин) – кинорежиссёр, кинооператор, Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Малик Қаюмов таваллуд топди (вафоти 2010 йил). У ижодий фаолияти давомида 200 дан ортиқ ҳужжатли ва илмий-оммабоп фильмлар яратди. Малик Қаюмов нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон ҳужжатли киноси ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди ва бу ўз вақтида Нью-Йорк, Венеция ва Лейпциг халқаро кинофестивалларининг катта олтин медаллари ва “Олтин Кабутар” мукофоти билан, жаҳон ҳужжатли киноси ривожига қўшган ҳиссаси учун махсус диплом билан тақдирланган. У 1995 йилда “Жасорат” медали, 1999 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, 1941 йилнинг июнь ойида Ҳукумат экспедицияси томонидан Самарқанддаги Амир Темур мақбарасида дафн этилган соҳибқирон Амир Темур, Мироншоҳ, Шоҳрух, Мирзо Улуғбек, Муҳаммад Султон ва Бибихоним мақбарасидаги Бибихонимнинг даҳмалари очилган эди. Мазкур жараёнда Малик Қаюмов ҳам қатнашиб, мазкур тарихий жараённи кинотасмага муҳрлаган. У ўзининг “Ҳаётим – киноматография” номли китобида ушбу жараёнларни ёритиш билан бир қаторда унга қадимги китобни кўрсатган ва Амир Темур қабрини очиб бўлмаслиги ҳақида қаттиқ уқтирган самарқандлик чоллар воқеасини ҳам ёдга олган.
1922 йил (бундан 103 йил олдин) – миллий истиқлолчилик ҳаракати етакчиларидан бири, машҳур қўрбоши Шермуҳаммадбек Қўкон уездидаги Қорабува кишлоғида Фарғона қўрбошиларининг навбатдаги курултойини ўтказди. Водийда харакат қилаётган 200 атрофидаги қўрбошилар дасталаридан энг обрўлилари бўлган Нурмуҳаммадбек, Тошмуҳаммадбек, Рўзимуҳаммадбек, Ислом Полвон, Ахмад Полвон, Қорабой, Мама Рўзи ва бошқалар унда қатнашдилар. Қурултойда Шермуҳаммадбек Самарқандда кечагина бўлиб ўтган анжуман иши тўғрисида муфассал маълумот берди. Анвар Пошо вакиллари Самарқандда унга топширган мактуб матни ва Бухоро қўрбошиларининг режаларидан ўз сафдошларини хабардор қилди. Ушбу курултойда 1922 йили Фарғона водийсидаги жанг қаракатлари ва қўрбошиларнинг фаолият доираси келишиб олинди.
1942 йил (бундан 83 йил олдин) – Ўзбекистон халқ шоири, таниқли ижодкор, жамоат арбоби Ойдин Ҳожиева таваллуд топди (вафоти 2023 йил). Унинг ижодида инсон қалби кечинмалари халқона оҳангларда ўзига хос талқинини топган. Ватанга муҳаббат, маънавий поклик, тил билан дил ростлиги, ҳаётнинг абадий ва унутилмас орзу-армонлари, инсон матонати, халқнинг беқиёс гўзал, олижаноб қалбини куйлаш, одамларга мунис, меҳрибон дардкаш бўлмоқ истаги ижодининг бош мавзуси ҳисобланади. У “Эл-юрт ҳурмати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси билан Ўмон Султонлиги ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилди.
1996 йил (бундан 29 йил олдин) – ЮНЕСКОнинг Париждаги қароргоҳида “Темурийлар даврида илм-фан, маданият ва маорифнинг юксалиши” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.
2014 йил (бундан 11 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Архивларнинг асосий иш турлари бўйича вақт ва ишлаб чиқаришнинг намунавий меъёрларини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган доимий прописка қилиш тизимидан босқичма-босқич хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтилди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ижтимоий шериклик ҳамда жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА