Ўқув-услубий йиғин
Командир – бошқарув кўникмасига эга, қўл остидагиларининг жисмоний ва ақлий салоҳиятини ошириш, доимо жанговар шай ҳолда бўлишини таъминлаши зарур. Чунки замон шуни талаб қиляпти. Демак, етакчи профессионал бўлиши керак. Ана шунда бўйсунувчилари ҳам унга эргашади ва ишонади. Берилган вазифалар тезкор бажарилади.
Тошкент ҳарбий округидаги “Чирчиқ” дала-ўқув майдонида Мудофаа вазирлиги қўшинларида хизмат қилаётган жанговар тайёргарликка масъул офицерлар ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида ўтказилган ўқув-услубий йиғинда ҳам ушбу фикрлар алоҳида таъкидланди.
Бир неча кун давом этган мазкур йиғин назарий ва амалий тарзда олиб борилди. Ҳар бир жараён иштирокчилар учун муҳим аҳамият касб этди. Замонавий билимлар чуқур таҳлил этилди. Минтақа ва жаҳонда юз бераётган ҳарбий-сиёсий вазиятдан келиб чиқиб, амалий машғулотларни ташкил этиш зарурлиги мисолларда келтириб ўтилди.
Йиғинда мудофаа вазири генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов ҳам қатнашиб, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан барча соҳалар сингари миллий армиямизнинг жанговар қудратини янада ошириш, сафлардаги ҳарбий хизматчилар учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратиб келаётганини эътироф этди.
[gallery-22916]
– Йиғиннинг аҳамиятли жиҳати командирлар ва уларнинг ўринбосарларига жанговар тайёргарлик борасида фақат назарий маълумотлар бериб қолинмай, ўқув саволлари амалий тарзда ҳам кўрсатилди ва муҳокама қилинди, – дейди подполковник Ортиқжон Атаяров. – Шунингдек, ўқув-услубий йиғин давомида узоқ масофага марш юриш, мудофаа ва ҳужумда тўқнашув жанги юзага келганда гуруҳнинг вазифалари биргаликда кўриб чиқилди. Қолаверса, командирларнинг бундай вазиятларда бўлинмани бошқариши ва ўт очиш манёврлари ҳамда бўлинмалар билан ҳамкорликда ҳаракатланиш каби жиҳатлар ҳам назарий ва амалий тарзда намойиш этилди. Айтиш керакки, жанговар тайёргарликда турли замонавий қуроллардан оқилона фойдаланиш орқали белгиланган нишонлар ўта аниқликда яксон этилади. Йиғин давомида ҳам айни жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Тактик тайёргарлик, қўшинларни моҳирона бошқаришда командирларнинг салоҳияти, шахсий таркибнинг ахлоқий-руҳий сифатларини мустаҳкамлаш, қуролли тўқнашувларнинг қиёсий таҳлили, шунингдек, жанг олиб боришнинг замонавий усулларини ўрганиш ва энг мақбулларини қўшинларда жорий этиш... булар кенг қамровли ўқув-услубий йиғиндан кўзланган асосий мақсадлардан этиб белгилаб олинди.
– Шахсий таркибнинг жанговар шайлиги, қўйилган топшириқни қай даражада уддалай олиши, албатта, бу жанговар тайёргарликка масъул вакилларнинг нечоғлик ўз касбининг устаси экани, билимли ва вазиятни тўғри баҳолай олиш қобилиятига боғлиқ, – дейди подполковник Ойбек Қосимов – Шу сабаб ҳам услубий йиғинда иштирокчиларнинг қўл остидаги бўйсунувчилари билан амалий машғулотларни бугунги кун талабларига мос тарзда ташкил этиш, жанговар топшириқларни сифатли ва самарали ўтказиш, қурол- аслаҳалар ва ҳарбий техникалардан фойдаланиш каби масалаларни ўзида жамлаган ўқув жойларида айни саволлар етакчи мутахассислар билан биргаликда кўриб чиқилди.
Ўқув-услубий йиғин иштирокчилари, қўшинларда шахсий таркиб билан ўқув йили давомида жанговар тайёргарликни ташкиллаштиришнинг барча йўналишлари бўйича билим ва кўникмаларини янада оширди, янги ёндашув ва услубларни ўрганди.
Белгиланган топшириқни бажариш учун ҳарбий хизматчиларда пухта билим, ирода ва маҳорат керак. Бошқа ўқув жойида зирҳли жанговар техникаларни бошқариш, экипаж аъзоларининг вазифаларни бажариши борасидаги ҳаракати, ярадорларни хавфсиз ҳудудга олиб чиқиш амалиётлари ҳам кўргазмали тарзда намойиш этилди.
Йиғин режасидан жой олган ўқувлар нафақат кундузги шароитлар, балки тунги, кўриш чекланган вазиятларда ҳам олиб борилди.
Қисқаси, қўшинлар исталган дақиқада ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаришга қодир бўлиши керак. Бунинг учун ҳар бир ҳарбий хизматчи жанговар тайёргарлик бўйича мунтазам шуғулланиш, ўз йўналишидан келиб чиқиб билимлар эгаллаши орқали ҳақиқий профессионал кадр бўлиб шаклланади. Етакчи эса, уларнинг ўзига ишончини оширади. Йиғиннинг бош мақсади эса жанговар тайёргарликка масъулларнинг масъулиятини янада оширишдан иборат. Ва шундай ҳам бўлди. Натижалар эса кўп куттирмай ўз самарасини беради, албатта.
Шоҳрух САИДОВ,
капитан, “Ватанпарвар” мухбири.
ЎзА