Ақлу заковатли ёшлар – миллат таянчи. Бинобарин, эртамиз эгаларининг билим ва салоҳияти халқаро миқёсда намоён бўлаётганини кўрган борки, тараққиётга янада ишонч билан боқади. Наманган давлат техника университети талабалари айни шу ҳақиқатни амалда исботлади.
Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган у

ниверситет талабаларининг очиқ математика олимпиадасида (“ОМОУС–2025”) Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган тўрт иқтидорли талабанинг уч нафари муваффақиятли натижаларга эришди. Мазкур нуфузли танловда қатнашган Наманган давлат техника университети профессори, техника фанлари доктори Рустамжон Муродов бошчилигидаги талабалар кучли рақобат муҳитида етук билим ва мантиқий тафаккур намуналарини кўрсатди.
Жумладан, танловнинг “Б” тоифаси бўйича Умиджон Ҳабибуллаев кумуш, Мирзобек Қодиров ва Исломжон Низомиддинов бронза медалларини қўлга киритди. Айниқса, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган Умиджон Ҳабибуллаев ушбу юксак натижасини устозлари ва жамоасининг саъй-ҳаракатлари самараси, деб билади.

– Нуфузли олимпиадалар орқали нафақат индивидуал билимлар, балки жамоавий ёндашув, тезкор фикрлаш ва рақобатбардошлик сингари кўникмалар ҳам шаклланади, – дейди Умиджон Ҳабибуллаев. – Шу ўринда, менга яқиндан кўмаклашган университет жамоаси ҳамда устозларимга миннатдорлик билдираман. Уларнинг фидокорона ёрдами ва олийгоҳда яратилган имкониятлар бўлмаганда, юқори зафарга эга чиқиш мушкул бўларди.
Албатта, бу каби ютуқлар тасодиф эмас. Бу – изчил таълим тизими, фидойи устозлар ва билимга чанқоқ ёшлардан шаклланган ажойиб муҳит маҳсулидир. Зеро, Наманган давлат техника университетида талабалар нафақат назарий билимлар, балки амалий тажриба ва халқаро майдонлардаги иштироклар орқали чўққиларни забт этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА