Бугунги кунда дунё саҳнасида бўй кўрсатаётган турли таҳликали вазиятларда минтақамизда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш долзарб масалалардан биридир. Бу борада парламентлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш давлатлар ўртасидаги манфаатли алоқалар ривожига асос бўлади.
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар парламентларининг мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмиталари раисларининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси (ТуркПА) таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси делегацияси ҳам ушбу йиғилишда иштирок этди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда қайд этилганидек, мазкур тадбирда туркий давлатлар ўртасида мудофаа ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, замонавий таҳдид ва хавфларга қарши курашишда парламентлар ҳамкорлигини ривожлантириш орқали бирдамликни таъминлаш, бу борада ўзаро манфаатли ва самарали ёндашувларни ишлаб чиқиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Парламентлар вакиллари минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, хавфсизликка таҳдид солувчи омилларга қарши биргаликдаги ҳаракатларни янада кучайтириш, умумий қадриятлар, тарихий алоқалар ва стратегик манфаатлар асосида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мазкур йиғилиш туркий давлатлар ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, сиёсий-ҳуқуқий, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамжиҳатликни таъминлашга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамиятга эга.
М.Комилова, ЎзА