Яқин Шарқ минтақаси нашрлари ёзишича, Ал-Кувайт шаҳрида “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирлари учинчи учрашувида иштирок этган Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари Бахтиёр Саидов Кенгаш Бош котиби Жасим бин Муҳаммад Ал-Будаивий билан учрашганини ёритди.
Мақолаларда Самарқандда бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” саммитини муваффақиятли ташкил этиш масаласи музокара марказида тургани таъкидланган. Мулоқот давомида икки минтақа давлатларини бирлаштириб турувчи чуқур илдизлар, умумий қадриятларга урғу берилиб, янада истиқболли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратиш зарурлиги маъқулланган.
Шунингдек, 2023-2027 йилларга мўлжалланган Қўшма ҳаракатлар режаси ҳам кўриб чиқилган. Ҳужжатда қатор йўналишлар, хусусан сиёсий ва хавфсизлик бўйича мулоқот, иқтисодий, савдо ва сармоявий ҳамкорлик, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, оммавий ахборот воситалари, ёшлар ва спорт соҳаларида ҳамкорлик кўламини кенгайтириш кўзда тутилган.
Томонлар ушбу режа бўйича ишларни умумий манфаатга йўналтириш бўйича саъй-ҳаракатни кучайтириш зарурлигини тасдиқлаган.
М.Пирматова, ЎзА