Тарихчи олимларнинг маълум қилишича, Ахсикент эрамиздан аввалги III асрда ташкил топган бўлиб, қадимги Фарғона давлатининг пойтахти, Буюк ипак йўлининг асосий шаҳарларидан бири бўлган. Тарихий манбаларда хусусан, “Бобурнома”да бу кентнинг алоҳида аҳамияти ҳақида кўп ёзилган.
Қадимдан бу ерда ер ости сув иншооти бўлгани боис, мудофаа учун қулай саналган. Шаҳар арк, ички ва ташқи шаҳардан иборат бўлган. Бу ерда ўз даврида шишасозлик, кулолчилик, темирчилик, қуролсозлик ривожланган. 1620 йилларга келиб зилзила оқибатида улкан шаҳар вайрон бўлган. Бугунги кунда харобаларнинг 60 гектарга яқин қисми сақланиб қолган бўлиб, Фарғона водийсидаги энг катта археологик ёдгорликдир.

Фанлар академияси Миллий археология маркази Ипак йўли археологияси бўлими бошлиғи, тарих фанлари доктори, профессор Абдулҳамид Анарбаев раҳбарлигидаги илмий жамоа Ахсикентнинг тарих ва келажак масканига айланишидаги музейлаштиришда фаол тадқиқотлар олиб бормоқда.
Айтиш жоизки, қадимги Фарғона водийсининг пойтахти Ахсикент маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг муҳим ташриф объектига айланиб улгурди. Сабаби, Президентимизнинг ташаббуси билан 2019 йилдан Ахсикент ёдгорлигида Италия тажрибасидан фойдаланилиб, илк “Археология парки” ташкил қилинди. Ёдгорликда аввалги йилларда ўрганилган объектлардан 10 таси танлаб олиниб, “Очиқ осмон остидаги музей”га тайёрланди. Ушбу 10 та объектда Фарғона-Ахсикат шаҳрининг 1,5 минг йиллик тарихи, маҳобатли қурилиш қолдиқлари, ўз замонасининг буюк олимлари, муҳандислари томонидан қурилган иншоотлар ҳамда мураккаб ер ости коммуникациялари намойиш этилган.

Н.Раҳмонова, ЎзА