Президентимизнинг 2024 йил 5 март куни қабул қилинган “Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Туманнинг “Оқ олтин” овул фуқаролар йиғини раиси Алишер Шамшатов бошчилигидаги “Маҳалла еттилиги” аъзолари аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни мунтазам равишда тарғиб қилиб келмоқда. Бундан кўзланган мақсад – ишсизликни камайтириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш.
– Ҳудудимизда 5 сотихдан 10 сотихгача бўлган иссиқхоналар сони 200 тани ташкил қилади. Бугунги кунда 19 километр ариқ ва зовур тозаланди ва “Жийдали қулон” аҳоли пунктида яшовчиларнинг томорқаларини суғориш учун электронасос ўрнатиб берилди. Жорий йилнинг ўзида 40 нафар фуқарога имтиёзли кредит ажратилиб, 97 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилди. Бугунги кунгача маҳалламиздаги 98 фоиз хонадон томорқалари баҳорги экинларни экиб бўлди. Маҳалла ҳудудида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, кўчаларнинг тозалигини таъминлаш, шунингдек, аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланишга кўмак бериш борасида кўплаб ишлар амалга оширилди, – дейди овул фуқаролар йиғини раиси Алишер Шамшатов.
[gallery-22870]
Ушбу овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, “Ўзбекистон темир йўллари” тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган Янгибой Қурбониёзов имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, оиласи билан фаровон ҳаёт кечирмоқда. Хонадонидаги тўрт сотих иссиқхонада хориж навидаги картошка етиштирмоқда. Томорқачи яқин кунларда ҳосилни йиғиб, сабзи экишни режалаштирган. Бундан ташқари, бир сотих майдонда кўчатхона ташкил этиб, унда гуллар, помидор, карам ва бошқа полиз маҳсулотлари парвариш қилинади. Иссиқхонадан ташқари яна тўрт сотих ерда карам ва бақлажон етиштириб, ҳар йили мўл даромад олмоқда. Шу билан бирга хонадон эгалари чорвачиликни ҳам йўлга қўйган.
Овул фуқаролар йиғинидаги Баҳром Ўразимбетов хонадони 20 сотихдан ортиқ ерда полиз экинлари парваришлаб, барқарор даромад манбаига эга бўлмоқда. Оила раҳбари Баҳром Ўразимбетовга турмуш ўртоғи Гуласал Содиқова ва ўғли Акбар Саидмуродов кўмакчи бўлиб, хонадонда икки сотихли иссиқхона ҳам ташкил этган.
Бу оила ҳам чорвачилик билан шуғулланади. Бундан ташқари, ёшлар етакчисининг кўмагида ўғли Акбарга 30 сотих ер ажратилиб, у ерда асосан қовун ва тарвуз етиштириш йўлга қўйилган. Бу каби ташаббуслар ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларни ишбилармонликка ундашда муҳим омил бўлмоқда.
Тумандаги 5минг 613 нафар ишсиз фуқарога 2 минг 41 гектарга яқин ер майдони ижарага берилиб, улар томонидан сабзавот, полиз, озуқа ва бошқа экинлар парвариш қилинмоқда. Шунингдек, туманда умумий майдони салкам 31 гектар бўлган иссиқхона фаолият юритиб, уларнинг 7,8 гектарида помидор, 6,5 гектарида бодринг, 4,1 гектарида кўкатлар, 7 гектарида сабзавот ва 5,8 гектарида бошқа турдаги маҳсулотлар етиштирилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/mj_T5EydqBg" title="Tomorqadan samarali foydalanishda Amudaryo tajribasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА