Маълумки, шу кунларда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ОАВ ходимлари иштирокида “Глобал ўзгаришлар даврида Марказий Осиё: Медиа стратегик ривожланиш воситаси сифатида” мавзусида II Марказий Осиё медиа форуми бўлиб ўтмоқда.
Ушбу йиғинда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, шунингдек, Озарбайжон, Буюк Британия, Хитой, Қатар, Россия ва бошқа мамлакатлардан келган журналистлар, медиа компаниялари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, нуфузли экспертларни ўз ичига олган 700 дан ортиқ делегатлар иштирок этмоқда.

Форумнинг мақсади Марказий Осиё оммавий ахборот воситалари ва халқаро шериклар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, рақамли трансформациянинг минтақавий ахборот маконига таъсирини, шунингдек, иқлим ўзгариши ва геосиёсий беқарорлик каби глобал муаммоларни муҳокама қилишдан иборат.

Тадбирнинг очилиш қисмида Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев, Қозоғистон Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева, Озарбайжон Медиани ривожлантириш агентлигининг ижрочи директори Ахмед Исмайлов, Қирғиз Республикаси Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири ўринбосари Марат Тагаев, Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Телевидение ва радиоэшиттириш қўмитаси раиси ўринбосари Ализода Сухроб ҳамда Марказий Осиё давлатлари медиа экспертлари, жамоатчилик фаоллари қатнашди.

Медиа форумнинг биринчи иш куни Марказий Осиё давлатлари ахборот соҳаси етакчиларининг ишчи учрашуви билан бошланди. Учрашувда ҳар бир мамлакатда ахборот сиёсатини такомиллаштириш ҳамда ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маърузалар тақдим этилди.
Анжуманда мезбон вакили, Қозоғистон Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева форумнинг ахборот ҳамкорлигига умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун ноёб платформа сифатида аҳамиятини таъкидлар экан, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг ташаббуси билан қўшма медиа лойиҳаларни яратиш ва горизонтал гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича ишлар фаоллашганини эътироф этди.

– Бу борадаги ишлар доирасида Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган “Қорқит ота” тарихий телесериали, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган “Заковат” интеллектуал ўйини, Қирғизистон билан ҳамкорликда ўтказилган “Қос қанат” телекўприк лойиҳаларини алоҳида таъкидлаш жоиз, -деди у ўз нутқида. – Минтақада маданий-гуманитар алоқалар ҳам тизимли мустаҳкамланиб бормоқда. Ҳар йили Қозоғистонда Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон маданият кунлари катта муваффақият билан ўтказилмоқда. Ишончим комилки, мамлакатларимизнинг янада юксалиши ва ривожланиши учун катта имкониятлар мавжуд, халқларимиз бир-бири ҳақида кўпроқ ижобий маълумотларни билиб боради.
Форум доирасида Марказий Осиёда ахборот ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва медиа ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди ва режалаштирилди. Улар орасида Марказий Осиё журналистика академиясини ташкил этиш, ижодий индустрияларни ривожлантириш, журналистика соҳасида минтақавий мукофотни таъсис этиш, янги телелойиҳаларни ишга тушириш ва халқаро медиа майдончаларида минтақа мамлакатлари контентининг мавжудлигини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, йиғинда Ўзбекистон АОКА директори Асаджон Ходжаев қирғиз, тожик ва туркман мамлакатлари билан “Йўл харитаси” ҳамда “Мулоқот режалари”ни ишлаб чиқиш, минтақада институционал ва ҳуқуқий-норматив базани мустаҳкамлаш, ахборот вазирларининг доимий учрашувлари механизмларини йўлга қўйиш, давлатлараро мунтазам теле ва радио репортажлар, шунингдек, маҳаллий каналларни узатишни, матбуот котибларининг ўзаро тажриба алмашиши ва малака оширишини ташкил этиш ташаббусларини илгари сурди.
– Замонавий дунёда рақамли технологияларнинг ривожланиши оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик фикри ва онгини шакллантиришдаги таъсирининг мисли кўрилмаган даражада ошишига олиб келди, -деди у. – Бу айниқса, аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этадиган Марказий Осиё мамлакатларига тааллуқлидир. Агар биз ёшлар билан тизимли иш олиб бормасак, уларга ўз мақсадимиз ва холис маълумотларимизни етказмасак, буни биз учун бошқалар қилади.
Мазкур форумда медиа оламининг глобал муаммолари, устувор масалалари, ҳал этилиши лозим бўлган чора-тадбирлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Шунингдек, келажакнинг ахборот ландшафтини шакллантириш, сунъий интеллект ва катта маълумотлар даврида оммавий ахборот воситаларининг рақамли ўзгариши, ижтимоий тармоқлар мамлакат имижини тарғиб қилиш воситаси сифатида ва бошқа долзарб мавзулар кўриб чиқилмоқда.
Ўткир Алимов, ЎзА