Мамлакатимизда халқ манфаати, инсон қадри ва адолат тамойилларини мустаҳкамлаш йўлидаги ислоҳотлар самараси бардавом бўлмоқда.
Хусусан, 2024 йил 5 август куни имзоланган «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қонун юртдошларимиз учун катта қувонч ва имкониятлар эшигини очди. Мазкур қонун орқали фуқаролар ўзларининг узоқ йиллардан бери яшаб келаётган хонадонларини ҳужжатлаштириш, яъни ўз уй-жойларига нисбатан қонуний эгалик ҳуқуқига эга бўлиш имконияти юзага келди, мана шунинг ўзи «инсон қадри учун» тамойилининг амалдаги энг катта ифодаси, десак муболаға бўлмайди.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш бўйича амалга оширилаётган ишларни биргина Сирдарё вилояти мисолида қизиқиб, Кадастр агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи Шавкат Рўзиқуловнинг фикрларини олдик.
– Мазкур қонунни амалга ошириш мақсадида 54 нафар кадастр ходимимиз томонидан тасдиқланган режа-графикка асосан маҳаллаларда уйма-уй хатлов ишлари ташкил этилган, – дейди бошқарма бошлиғи. – Қонун расман кучга кирган кундан бошлаб, яъни 2024 йил ноябрь ойидан йил якунига қадар 29 та маҳаллада хатлов ишлари якунланган бўлса, 2025 йил давомида эса яна 106 та маҳаллада бу жараёнлар амалга оширилиши белгиланган. 2025 йил 14 апрель ҳолатига кўра, 33 та маҳаллада 8 712 та уй-жой хатловдан ўтказилиб, шундан 1 518 таси «ЭЪТИРОФ» ААТ дастурига киритилган. Мазкур дастур доирасида объектлар тегишли вазирлик ва идоралар томонидан икки ой муддатда кўриб чиқилади ва жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилади. Муҳокама жараёнларидан сўнг, халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан тасдиқланади ва объект эгалари қонуний равишда мулк ҳуқуқига эга бўладилар. Айни пайтда, ижобий хулоса олинган бир қатор уй-жойлар муҳокама босқичида бўлиб, яқин орада уларнинг ҳуқуқий мақоми расман эътироф этилиши кутилмоқда.
Шу ўринда маълумот учун айтиш мумкинки, бугунги кунга қадар Бухорода (5 та), Самарқандда (30 та), Андижон (20 та), Қашқадарё (18 та) ва Наманган (11 та) вилоятларида ҳам фуқароларнинг уй-жойларига нисбатан мулк ва ижара ҳуқуқлари расман тан олинган.
Албатта, бу борадаги ишлар юртимизнинг барча ҳудудларида олиб борилаётган бўлса-да, баъзи ҳолатларда муайян қийинчиликлар ҳам кузатилмоқда. Жумладан, хонадон эгаларининг уйда бўлмаслиги, зарур ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этмаслик ёки кечроқ келишини айтиб ишчи гуруҳни қайта-қайта чақириш ҳолатлари жараёнларни секинлаштирмоқда. Бунинг натижасида бир маҳаллада хатлов ишлари тўлиқ якунланмасдан бошқасига ўтишнинг имкони бўлмай қолмоқда.
Бунинг учун аҳолиси, хусусан, режа-график асосида хатлов ўтказилиши белгиланган маҳалла фуқаролари ўз вақтида уйларда бўлишлари ва керакли ҳужжатларни тайёр ҳолда тақдим этишлари муҳимдир. Бу ҳам нафақат давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш, балки конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш йўлида муҳим қадамдир.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА