Муносабат

2025 йилнинг15-16 апрель саналари андижонликлар ҳаётида унутилмас кун сифатида муҳирланди. Сабаби, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижонга амалга оширган бу галги ташрифи доирасида қатор инфратузилмавий, саноат, транспорт ва ижтимоий лойиҳалар тақдимот қилиниб, вилоят тараққиётини белгилаб беришга қартилган муҳим қарорлар қабул қилинди. Шу боис, мазкур ташриф Андижон вилоятидаги ривожланиш жараёнларида янги босқич сифатида қаралмоқда. 

Икки кунлик ташрифи давомида Янги Андижон шаҳрини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Хусусан, янги турар жой массивлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари қурилиши, маданий-маърифий масканлар, хусусан, “Янги Ўзбекистон” боғининг ташкил этилиши, шаҳар инфратузилмасида яшил ҳудудларни кенгайтириш каби масалалар шулар жумласидандир. 

Бугунги кунда бутун республика учун намунага айланган янги Андижон лойиҳаси фақат архитектура эмас, балки фуқароларнинг турмуш сифати ва маданий муҳити билан боғлиқ кенг қамровли ўзгаришларни назарда тутувчи бунёдкорлик лойиҳаси сифатида ҳам эътироф этилмоқда. Унда “ақлли шаҳар”, “экошаҳар” ва “инклюзив жамият” тамойиллари марказий ўрин тутади. Энг муҳим ташаббус Янги Андижон шаҳарчасига – Бобур шаҳри деб ном берилганлигидир. Давлатимиз раҳбарининг ушбу таклифини ҳеч шубҳасиз кўп минг сонли андижонликлар кўнглидаги истак деб айтиш мумкин.

Ташриф доирасидаги яна бир муҳим янгилик бу Андижон халқаро аэропортининг ишга туширилганлигидир. Бу аэропорт 1978 йилда қурилган бўлиб, ҳозирги талабларга мос келмай қолган эди. Учиш-қўниш йўлагининг юк кўтариш қобилияти пастлиги, замонавий ёритиш тизимининг йўқлиги сабабли қатновларни қабул қилиш имкониятлари чекланганди.

Бугунги кунда реконструкция ишларининг биринчи босқичи битказилди. Узунлиги 3 минг 300 метр, кенглиги 60 метр бўлган янги учиш-қўниш йўлаги, юриш йўлаги ва самолётлар тўхташ жойи қурилди. Дренаж тизими янгиланиб, ер ости суви қочирилди. Шунингдек, бу ерда иккинчи юриш йўлаги қурилиши давом эттирилиб, IKAО CАТ-II тоифасидаги радар, метеорология ва ёритиш ускуналарини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Натижада Boeing, Airbus русумидаги йирик самолётларни ноқулай об-ҳаво шароити ва тунги вақтларда ҳам қабул қилиш мумкин бўлади. Бу кунлик парвозлар сонини 10 баробаргача ошириш имконини беради.

Ҳозирда, иккинчи босқичда йўловчи терминалини янгидан қуриш кўзда тутилган. Бу орқали йўловчиларга хизмат кўрсатиш қуввати соатига аввалги 300 тадан 1000 тага, парвозлар сони йилига 584 тадан 3 минг 700 тага ортади. Бу Андижон шаҳри ва Фарғона водийсига қатновлар сонини кўпайтиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, вилоятдаги саноат зонасида янги корхоналар ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга оид лойиҳалар ҳам тақдим этилди. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши жорий йилда 5 миллиард 700 миллион  долларлик 166 та инвестиция лойиҳани ишга тушириш имконини беради. Бу орқали 31 мингта иш ўрни очилади. 31 турдаги янги маҳсулот олиш йўлга қўйилиб, 1,5 миллиард долларлик экспорт имконияти яратилади. Корхоналарни барқарор энергия билан таъминлаш учун 65 мегаватт янги қувватлар барпо этилади. Энг муҳими, йил якунига қадар вилоятда 305 минг нафар аҳоли даромадли иш билан таъминланади.

Умуман олганда, Андижонга амалга оширилган ташриф доирасида белгиланган лойиҳалар ва ташаббуслар вилоятнинг ҳудудий ривожланишида янги босқични бошлаб берди. Янги Андижон шаҳрини ривожлантириш, транспорт ва саноат инфратузилмасини янгилаш, жамоатчилик ҳаётини яхшилашга қаратилган тадбирлар стратегик аҳамият касб этади. Бу эса нафақат вилоят, балки бутун Фарғона водийси тараққиётига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш 

масалалари қўмитаси аъзоси.

ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президентнинг Андижон вилоятига ташрифи ҳудудий ривожланиш ва стратегик янгиланишларни бошлаб берди